21:51 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

ОАВ Тошкент ва Киев ўртасидаги авиарейсларнинг қайта тиклангани ҳақида хабар бердилар

15.12.2017 17:18 msk

Фарғона

Ўзбекистон авиалиниялар самолёти Тошкент аэропортида. Wikipedia.org сайтидан олинган Patrick Mutzenberg фотосурати
Ўзбекистон Парвозлар хавфсизлиги бўйича давлат назорати ва Украина Давлат авиация хизмати Тошкент билан Киев ўртасидаги тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни қайта тиклашга келишиб олдилар. Бу ҳақда “Центр транспортных стратегий” соҳа нашри “Интерфакс-Украина” агентлигига ишорат билан хабар берди.

Агентликнинг Ўзбекистон элчихонасидаги манбаси айтишича, парвозларни қайта тиклаш масаласи 12 декабрь куни ўтган музокараларда кўриб чиқилган. Унинг иштирокчилари икки мамлакат пойтахтлари ўртасида ҳафтасига икки рейсни кўзда тутувчи протоколни имзоладилар. Томонлар шунингдек код-шеринг – ҳаво линиясидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим тузадилар. Ушбу ахборотнинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.

Икки мамлакат ўртасидаги мунтазам ҳаво алоқаси тўғрисида олдинроқ Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Савченко Фейсбукдаги ўзининг саҳифасида ёзганди. У 12 декабрда бўлиб ўтган учрашувда авиация мутасаддиларидан ташқари “Международные авиалинии Украины” (МАУ) ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниялари вакиллари иштирок этганларини маълум қилди. Музокараларнинг навбатдаги босқичи шу йилнинг декабрь ойи ўрталарида Тошкентда бўлиб ўтади. Олдинроқ Юрий Савченко Тошкент ва Киев ўртасида авиация алоқаларини тиклаш тўғрисидаги музокаралар мунтазам равишда олиб борилаётгани ҳақида билдирганди.

Айни пайтда ўзбекистонликлар ва украиналиклар бир-бириникига бориш учун Олма-Ота, Истанбул ёки Минск орқали учишга мажбур бўлмоқдалар. Тўғридан-тўғри авиарейслар 2015 йил 12 май куни тўхтатиб қўйилган. Ўшанда буни “Ўзбекистон ва Украина ўртасида шартномали авиалиниялар эксплуатациясига нисбатан келишувлар йўқлиги” билан изоҳланганди. Ўзбекистондаги МАУ ваколатхонаси директори Демьян Ким “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, “Тошкент ва Киев ўртасидаги тўғридан-тўғри рейсларнинг вақтинча тўхтатилиш ташаббуси “Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан кўтариб чиқилган”. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” вакили номи сир қолиш шарти билан айтишича МАУ ўзбекистонлик авиаташувчиларга авиачипталар нархини икки томонлама пасайтиришни таклиф қилган, бироқ рад жавобини олган. Томонлар бошқа баъзи бандлар бўйича келиша олмадилар ва натижада икки томон ҳам Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича парвозларни тўхтатган. Ўша йилнинг сентябрида Ўзбекистон миллий авиакомпанияси Киевдаги офисини ёпаётгани маълум бўлган.

Жорий йилнинг октябрида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” “парвозлар хавфсизлиги”ни Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейсларнинг қайта тикланиши шарти сифатида кўрсатган бўлиб, “ҳозирча Украинадаги барқарор бўлмаган сиёсий вазият буни таъминлай олмайди” дея қайд этганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги