15:48 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон бош вазири Иссиқкўлдаги пансионатларни Ўзбекистонга қайтариб берилишини тасдиқлади

15.12.2017 17:13 msk

Фарғона

Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков 13 декабрь куни Исиқкўлдаги тўртта пансионатни Ўзбекистонга топшириш тўғрисидаги фармойишни имзолади, дея маълум қилади Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.


“Дилором” пансионати. Tazabek.Kg сайти фотоси

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон “Бостери” (Бостери қишлоғи, олдинги номи “Золотые пески”), “Алтын-Жай” (Қара-Ой қишлоғи, илгариги “Роҳат-НБУ”), “Энесай” (Қара-Ой қишлоғи, олдинги “Дилором”), Бўстон (Тонг райони) пансионатларига мулк ҳуқуқини расмийлаштиради. Улар турган ер участкалари Қирғизистоннинг мулки бўлиб қолади, аммо Ўзбекистонга вақтинчалик фойдаланиш учун берилади.

Қирғизистон ҳукумати маълум қилишича, Ўзбекистон томони ўз навбатида пансионатларга инвестиция киритиш ва уларни уч ёки тўрт юлдуз мақомигача кўтариш мажбуриятини зиммасига олади. Қурилиш даврида ҳамда ундан кейин жалб қилинадиган ишчилар сонининг 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиш керак. Энг асосийси – Ўзбекистон Халқаро арбитраждан ўз даъвосини қайтариб олади.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқарув фонди раҳбари Дуйшенбек Зилалиев маълум қилишича, Ўзбекистон музокаралар давомида Қирғизистоннинг пансионталар бўйича таклифига рохи бўлди. Битим яқин кунлар ичида имзоланади, дея хабар беради “24.kg”.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги