15:47 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш тўхтатилганини билдирди

14.12.2017 13:32 msk

Фарғона

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда болалар меҳнатидан систамали тарзда фойдаланиш тўхтатилгани, расмийлар мажбурий меҳнат эксплуатациясини тўхтатиш бўйича чора кўраётганлари ҳақида билдирди. Тегишли пресс-релиз 12 декабрда ХМТ сайтида чоп этилди.


Ўзбекистонда пахта терими. ЎГФ фотоси

Баёнот ХМТ вакиллари гуруҳининг 2017 йил кузида Ўзбекистонда ўтказган пахта терим кампанияси мониторинги натижаларига асосланади. Ташкилот эеспертлари далаларда бўлиб 3000 нафар пахта теримчилари билан “яккама-якка” тартибда суҳбат ўтказдилар, яна 1000 та тасодифан танланган рақамларни териб, мамлакат аҳолиси билан телефон орқали савол-жавоб қилдилар. Суҳбат натижалари аҳоли ўртасида болалар ва мажбурий меҳнатнинг номақбуллиги борасидаги хабардорлик даражаси юқорилигини кўрсатди. Одамлар ўртасида пахта теримига кўнгиллилик, ихтиёрий негизда жалб қилиш лозимлиги борасида тушунча бор. Аҳолининг маълум бир гуруҳлари – талабалар, таълим ва соғлиқни сақлаш ходимлари пахта терим кампанияси бошланишида пахта терими мажбуриятидан озод этилдилар, дея таъкидлайди ҲМТ мониторинг гуруҳи. Унинг маълумотига кўра, теримчиларнинг аксарияти далаларга ўз ихтиёри билан чиққан. Уларнинг меҳнат ҳақи ҳам ҲМТ ва Жаҳон банки тавсиясига кўра бу йил кўтариб қўйилди.

ҲМТ мониторинг гуруҳининг хулосалари 2017 йил 30 ноябрь куни Тошкентда ўтган давра суҳбатида муҳокама қилинди. Тадбирда болалар меҳнати масалалари бўйича координация кенгашининг аъзолари, иш берувчилар, ҳукумат, касаба уюшмалари, ҲМТ ва Жаҳон банки вакиллари иштирок этдилар. Натижалар 2018 йил бошида чоп этилиши кутилаётган Жаҳон банкига расмий ҳисоботда тақдим этилади.

Қайд этамиз, ҲМТ Жаҳон банкига 2017 йил бошланишида ўтган йил пахта терим кампанияси мониторинги натижалари бўйича Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш тўхтатилгани ҳақида маълум қилганди. Бироқ ушбу мавзу бўйича ихтисослашган ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларнинг билдиришича, бу мамлакатда болалар меҳнати илгариги кўламда бўлмаса ҳам эксплуатацияси ҳамон давом этмоқда. Пахта теримига мжбурий сафарбарлик тизими сақланиб қолган. 2016 йил декабрда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми” (ЎГФ) “Ўзбекистонда пахта секторида мажбурий меҳнат. 2016 йилги пахта теримининг дастлабки натижалари” дея аталувчи маърузасини чоп этди. Унда болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммоси, шу жумладан, 14-15 ёшли мактаб ёшидаги болаларнинг ҳамда катталарнинг системали тарзда мажбурий меҳнатга оммавий жалб қилиниши ҳақида сўз юритилган.

Олдинроқ “Фарғона” 2017 йил кузида ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева Андижон вилоятининг Балиқчи тумани далаларида пахта тераётган болаларни кўриб қолгани ҳақида хабар қилганди. У №1 мактабнинг бешинчи синф ўқувчиларининг ўқитувчи назорати остида пахта тераётганларини фотосуратга олди. Ҳуқуқ ҳимоячи аёл шунингдек, №13 мактабнинг ўқитувчилари бошланғич синфлар ўқувчиларини пахта далаарига бошлаб кетаётганларини фотосуратга олган.


Мактаб ўқувчилари далага пахта тергани кетишяпти. 2017 йил ноябрь. Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси лидери Елена Урлаева фотоси

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги