14:53 msk, 15 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистона президенти минглаб шифокорларнинг етишмаётганини билдирди

14.12.2017 13:28 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги касалхоналардан бири. Nuz.Uz сайти фотоси
Ўзбекистонда бугунги кунда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаяпти, дея билдирди Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 декабрь куни тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матубот хизмати маълум қилмоқда.

Президентга кўра, шифокорлар етишмаслиги сабабли тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олмаяпти. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш вазифаси топширилди. Мажлисда баён қилинган маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабул қилиш квотаси 3445 та ўринга етказилган.

Хусусий тиббиётни ривожлантириш ҳамда кадрлаш тайёрлаш учун расмийлар “Акфа медлайн” хусусий тиббиёт муассасаси негизида Тошкентда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этишни режалаштиришмоқда. Мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Мирзиёевнинг ноябрда Сеулга ташрифи чоғида Ўзбекистон делегацияси айнан шу масалани муҳокама қилганди.

Президент Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ҳудудларга хос касалланиш кўрсаткичлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тор йўналишларга ихтисослашган стационар шароитидаги ҳусусий тиббиёт ташкилотларини кўпроқ ташкил этиш вазифасини қўйди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилишича, 2018 йилда 234 та хусусий клиникалар очилиши керак. Хусусий секторга $14 млн миқдорда фоизсиз кредитлар ажратилади.

Вазирга кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимига 6.8 трлн сўм ажратилган ($840 млн) бўлса, 2018 йилда молиялаштириш 10 трлн сўмгача ($1.2 млрд) кўпайиши кутилмоқда. “Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, бизга бирданига 40% кўпайтириб беришяпти”, - дея қайд этди вазир.

Президент матбуот хизмати ўз навбатида соҳани молиялаштириш шу йилнинг ўзида сезиларли даражада кўпайганини қайд этди. Мисол учун, тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсади учун 49,3 миллиард сўм ($6 млн), яъни ўтган йилгақараганда 2 баробар кўп маблағ ажратилди. Бундан ташқари, туну кун фаолияти кўрсатадиган 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиб, уларда тез тиббий ёрдам шаҳобчаси ҳамда кундузги стационарлар очилди. “Оналар ўлими 19дан 18,2га тушди. Сил билан касалланиш кескин камайди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳудудларга 2407 марта чиқди, ваҳоланки 2016 йилда бу рақам 500 дан аранг ошган эди. Ўтган уларнинг хизматидан 30 минг киши фойдаланган бўлса, жорий йил кўрсаткич 220 мингга чиқди”, деялади хабарда. « Давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун ажратилган маблағ миқдори 821 миллиард сўмни ($101 млн) ташкил этди. Бу 2016 йилдагидан 3,5 баробар кўпдир”.

Шунингдек, чет эллик тиббиёт мутахассисларини ҳам жалб этиш режалаштирилмоқда. А. Воҳидов номидаги республика ихтисослашган жарроҳлик маркази директори Феруз Назиров “Ўзбекистон 24” телеканалига интервьюда маълум қилишича, йиғилишда республикага Жанубий Корея, АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатларда мутахассисларни республикага таклиф қилиш масаласи муҳокама қилинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги