12:34 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик журналист Сид Янышевни қўйиб юбордилар, бироқ барча аудио ёзувлар ва фотоматериалларни ўчириб ташладилар

13.12.2017 12:29 msk

Фарғона

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан деярли олти соат давомида ушлаб ўтирилган мустақил журналист Сид Янышев (Саид Абдурахимов) фотоаппарати ва диктофонидаги барча материалларни ўз ихтиёри билан ўчириш шарти билан қўйиб юборилди. Эслатиб ўтамиз, уни пойтахтнинг Ўзбекистон кўчасида бузиладиган уйлар эгалари билан суҳбатлашаётган пайтида ушлаб кетишганди.


Сид Янышев

Соат 14 атрофида Тошкентнинг Олмазор маҳалласида қўлга олинган журналистни аввалига №61 милиция бўлимига олиб кетишди. Икки нафар профилактика инспекторларидан (участкавойлар) ташқари уни ўзини таништирмаган ички ишлар органларининг бефўрма ходими кузатиб бордилар. Йўлма-йўл бу бефўрма кимса бирор-бир нашрнинг гувоҳномаси бўлмаса ҳам журналист ҳисобланиши мумкинми дея савол бериб кетди.

“Мен унга Конституциянинг 29 моддасини эслатдим. Унда “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир” деб айтилган”, десам бу кимса: “Конституциядаги бу моддасининг сенга алоқаси йўқ. Агар журналист бўлсанг, бирорта нашрнинг вакили бўлишинг керак. Гувоҳноманг бўлмаса, ҳеч қанақа ахборот тўплашга ҳақинг йўқ” - деб айтди”, - дея ҳикоя қилади Сид “Фарғона” агентлигига ўзининг шарҳида.

ИИБ №61 да журналистдан тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилдилар, унда Сид милиционерларнинг саволларига жавоб бера туриб Олмазор маҳалласига нега келганини ва нималар билан шуғулланганини батафсил баён этди. Милиционерлардан бири уни индамай тинглаган бўлса, иккинчиси Янишевни “агитация”да айблашга уринарди. Сўроқ-савол якунида унинг фотокамераси ва диктофони протокол билан расмийлаштирилган ҳолда олиб қўйилди.

Соат 16 га яқин журналистни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБга олиб кетдилар. У ерда жиноят қидирув бўлимининг ахборот қисмида яна қайта сўроқ қилишди, шундан кейин эксперт бўлимида бармоқ изларини олишди ва фотосуратга туширишди. Орада олиб қўйилган фотоаппарат ва диктофонни экпертизага юборишларини маълум қилишди: “Шундан кейин уларни сизга қайтариб бериш ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарилади”, - дейишди улар.

Шундан кейин Жиноий қидирув бошлиғи диктафондаги ёзувларни эшитиб, фотоаппаратдаги суратларни кўриб чиқди ва қўл остидаги ходимларига барча материалларни ўчириб, техникани эгасига қайтариб беришни буюрди. Ҳамма нарса бус-бутун қайтарилди ва ТИИБ ходимларига эътирозим йўқ, деган мазмунда тилхат ёздириб олинганидан сўнг ҳамма нарса қайтариб берилди.

“Агар тилхатни ёзиб бермаганимда, фотоаппарат ва диктофонни ҳамда қшл телефонимни экспертизага аниқ жўнатишарди, - дейди Янышев. – Биринчидан, уларни қайтиб олишим гумон бўларди. Иккинчидан, мени бу ердан чиқаришмасликлари ҳам мумкин эди”.

Бир қатор хорижий нашрлар билан ҳамкорлик қилувчи тошкентлик мустақил журналистнинг айтишича, Жиноят қидирув ахборот бўлими хонасида сўроқ давомида у ТИИБ ходимига бир неча бор олдин Ислом Каримовнинг ва шундан кейин Шавкат Мирзиёевнинг журналистлар виждонли, жасур бўлишлари, жамиятдаги барча камчилик ва нуқсонларни бетўхтов очишлари зарурлиги тўғрисидаги истакларини эслатди. Бироқ бу гаплар эътиборсиз қолиб кетди.

Қайд этамиз, Тошкент суди 2014 йилда журналист ва ёзувчи Сид Янышевни журналистика фаолияти билан лицензиясиз шуғулланишда, ҳамда “жамоатчилик хавфсизлигига ва жамоат тартибига таҳдид солувчи” материалларни тайёрлашда айблаганди. Ўшанда уни йирик миқдордаги жаримага ҳамда видеокамерасини мусодара қилишга ҳукм қилгандилар.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги