12:34 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Иссиқкўлдаги пансионатларнинг тортиб олиниши устидан арбитражга даъво аризаси билан мурожаат қилиши билан, Қирғизистон уларни қайтариб бериш истагини билдирди

13.12.2017 12:27 msk

Фарғона

"Дилором"пансионатининг ҳудуди. Issyk-kul.Pro сайтидан олинган фотосурат
Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўлдаги пансионатларни Ўзбекистонга қайтариб беришни таклиф қилди. “24.kg” изоҳ беришича, Қирғизистон Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли пансионатларни ўз тасарруфига олиб қўйгач Тошкент СССРнинг собиқ республикалари ўртасида Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг бошқа давлатлар ҳудудида қолиб кетган объектлардан фойдаланиш тўғрисидаги 1992 йилда тузилган битим бузилгани учун АҚШдаги халқаро арбитражга мурожаат қилганини билиб қолгандан сўнг шу қарорга келди.

Тошкент арбитражга мурожаат қилгани ҳақида Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Даир Кенекеев 12 декабрь куни парламентнинг иқтисодий ва назорат сиёсати бўйича қўмита мажлисида маълум қилган, дея хабар беради “Тазабек”.

Ҳукумат депутатларга Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Иссиқкўл вилоятидаги “Роҳат”, “Золотые пески”, “Бўстон” ва “Дилором” пансионатларини Ўзбекистоннинг мулкий ихтиёрига ўтказиш, улар турган ер эса Қирғизистонники бўлиб қолиши тўғрисидаги битим лойиҳасини кўриб чиқишни таклиф қилди. Шу билан бирга, битим лойиҳасида Ўзбекистон мулкий ҳуқуқларни расмийлаштиргандан сўнг пансионатларни уч ва тўртюлдуз даражасига олиб чиқиши, уларнинг йил бўйи ишлашини таъминлаши, пансионат ишчи ходимларининг 30 фоиздан кам бўлмагани Қирғизистон фуқаролари бўлиш керакли кўзда тутилган. Шундай қилиб, Бишкек икки мамлакат ўртасидаги тортишувни тинч йўл билан ҳал қилмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ҳукумати 2016 йилда юқорида зикр этилган пансионатларни Қирғизистон балансига ўтказиш тўғрисида фармойиш берди. Мазкур муассасалар Иссиқкўлда 1960-чи йилар охирида, СССР Министрлар Совети кўлни бутуниттифоқ шифохонаси деб эълон қилгандан сўнг пайдо бўлди. Қирғизистон ССРнинг пансионатлар қуришга маблағи бўлмагани боис бу иш билан шуғулланишни бошқа республикалар касаба уюшмаларига топширилди. Натижада, Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР Иссиқкўлда тўрттадан пансионат қурди.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг мулк тақсимлана бошланди. 1992 йилда томонлар пансионатлар Қирғизистоннинг мулки бўлиб қолади, бироқ улардан МДҲ бошқа мамлакатларининг юридик шахслари фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида келишиб олдилар. Қирғизистон ушбу пансионатлар учун ижара пули олишга бошлади.

2008 йил мартида Тошкент Иссиқкўл пансионатларига ўзининг мулкий ҳуқуқини эътироф этишга уриниб кўрди. 2009 йил декабрда Қирғизистон томони ўзбек газини етказиб берилиши бўйича келиша туриб, Ўзбекистонга қўшимча ён босиш сифатида ушбу масала бўйича махсус комиссияни тузишга рози бўлди, бироқ бу масалада якуний қарорга келмади. Қирғизистоннинг пансионатларни тортиб олишига Ўзбекистоннинг муносабати шу чоққача номаълум эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги