01:19 msk, 18 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда 2018 йилда солиқ ва мажбурий тўловлар миқдори камайтирилади

12.12.2017 21:42 msk

Фарғона

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ходимаси. Mitc.Uz сайтидан лолинган фотосурат
Ўзбекистон расмийлари 2018 йилда аҳоли учун солиқ юкини енгиллатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҳукуматнинг 9 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида сўз юритилган, дея хабар беради “ЎзА”.

Хусусан, фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириш орқали умумий базавий ставкани 15,5 фоиздан 14,5 фоизгача камайтирилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқнинг аҳоли тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилган ставкасини ўртача 30 фоизга пасайтирилади. Айни пайтда тадбиркорнинг яшаш жойи ҳамда фаолият турига қараб ставка 0.5% дан 10% ни ташкил этади.

Жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобрақамларига ажратмалар миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш режалаштирилмоқда. Расмийларга кўра, бу фуқароларнинг жамғармаларини умуман 450 миллиард сўмдан кўпроққа ошириш имкониятини беради.

Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш орқали умумий ставкани 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача камайтирилади. Бу ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида қарийб 411 миллиард сўм ($50,7 млн) маблағ қолдириш имконини беради.

Бир вақтнинг ўзида ҳудудлар хусусиятлари ва фаолият кўрсатиш жойи ҳисобга олинган ҳолда, маҳаллий ҳокимият органларига жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқлар бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан 0,7-1,3 гача камайтирувчи ва кўпайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини берилди.

Kommersant.Uz маълумотига кўра, Ўзбекистонда меҳнатга солиқлар (даромад солиғи, ижтимоий тўловлар) улуши ўртача ҳисобланган маошнинг 56 фоизини ташкил этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги