12:49 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда геология-қидирув университетини очишга қарор қилдилар

12.12.2017 09:03 msk

Фарғона

Ўзбекистон пойтахтида янги олий таълим муассасаси (ОТМ) – Тошкент давлат геология-қидирув университети очилади. ОТМга геология соҳаси учун халқаро талаб ва стандартларга жавоб бера оладиган малакали кадрларни тайёрлаш вазифаси қўйилган, дея хабар беради “Спутник”.


Kursiv.Kz сайтидан олинган фотосурат

ОТМ биринчи талабаларни 2018/2019 ўқув йилларига қабул қилади. Қизиғи шундаки, нафақат биринчи курсга. “Спутник” хабарига кўра, расмийлар Ўзбекистон Миллий университетидаги, Тошкент давлат техника университетидаги ҳамда Навоий давлат тоғ институтидаги геология йўналишида ўқитишни тўхтатмоқчилар. Геология мутахассислигини олмоқчи бўлган талабалар махсус имтиҳон топширадилар ва унинг натижасига кўра ТДГУ контингенти шакллантирилади. Имтиҳондан ўта олмаган талабаларни Олий таълим вазирлиги бошқа мутахассисликка ўтказиб қўяди. Янги ўқув йилида номи юқорида зикр этилган олий таълим муассасаларида геология йўналишига абитуриентлар қабул қилинмайди.

Янги университетга 3 та олийгоҳлар таълим тузилмаларини ва Олмазор политехника ва стандартизация коллежини бериш кўзда тутилмоқда. Ушбу коллеж Олмазор геологик коллежга айлантирилиб, геологик соҳасига кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилади.

Геологик йўналишларида таҳсил олаётган тингловчилар янгиланган коллежга ўз соҳалари бўйича қабул қилинади, қолганлар эса олийгоҳ томонидан бошқа соҳавий коллежларда таҳсил олишни давом этадилар.

Университетда геология фани ва ишлаб чиқариш бўйича замонавий ўқув дастурларни жорий этиш мақсадида уларга минерал ресурcлари институти лабараториялари ва "Гидроингео" ва Ҳабиб Абдуллаев номидаги геология ва геофизика институти бириктирилади. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги "Оқсоқ ота" ва "Бурчмулла" ўқув полигонлари университетга бепул тарзда ўтказиб берилади.

Бундан аввал Ўзбекистон президенти республикада геологик қидирув соҳасида махсус олий таълим муассаса очиш зарурлигини айтиб ўтганди. Жумладан, Мирзиёев Давлат геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси ҳузурида янги олий таълим муассасасини ташкил этиш ташаббуси билан чиққанди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги