11:15 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Суриядан Афғонистонга қочган ИД жанггарилари Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларида тўпландилар

11.12.2017 16:20 msk

Фарғона

ИШИД жанггарилари. NBC News сайтидан олинган видеоёзудан кадр
Cуриядан Афғонистонга кўчиб келган “Ислом давлати” (Ироқ ва Шом Ислом давлати) жанггарилари мамлакатнинг шимолида, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларига яқин жойда янги ўқув-машғулот лагерларини барпо этдилар. Шимолий афғон вилоятларида пайдо бўлган жанггарилар орасида жазоирлик, франциялик, тожикстонлик, ўзбекистонлик ва кавказликлар бор, дея хабар беради AFP бир неча афғон ва халқаро манбаларга таянган ҳолда.

Жоузжон вилоятининг Дарзаб уезди ҳокими Бааз Муҳаммад Давар маълум қилишича, Суриядан қочган чет эллик жанггарилар гуруҳи вилоятида ноябрда пайдо бўлдилар. Уларнинг орасида кам деганда икки аёл, тожикистонлик таржимон, уч нафар жазоирлик, шунингдек, Франция, Ўзбекистон ва Чеченистон фуқаролари бор. Даварга кўра, Дарзабга келиб қолган чет эллик ёлланма жанггарилар Ислом давлатининг Афғонистон ва Покистондаги “Вилояти Хуросон” ташкилотининг аъзолари бўлиши мумкин.

Дарзабликлар AFP агентлигига маълум қилишларича, 200 га яқин чет элликлар Биби Марям қишлоғига яқин жойда ўқув-машғулот лагерини ташкил этдилар. маҳаллий аҳоли вакилларидан Ҳожи исмли киши маълум қилишича, лагерда турли миллатга мансуб жанггарилар машқ қилишмоқда, уларнинг ҳаммаси ҳарбий либос кийиб олган. “Улар мотоциклларини миниб олиб чегарага бориб келишяпти, бироқ ҳеч ким билан гаплашмаяптилар”, - деди у.

Қишлоқнинг Ҳашар исмли собиқ оқсоқоли қайд этишича, баъзи жанггарилар лагерда ҳудкуш камарини тақиш ва қўпорувчилик услублари бўйича машқ қилишмоқда. “Улар оддий халқнинг ҳаётини тундлаштириб юборишди”, - деди Ҳашар AFP мухбирига ҳамда кўпчилик қишлоқликлар жанглар олдидан вилоятни тарк этганларини таъкидлаб ўтди.

“Биз Жаузжонда бир нечта ҳарбий амалиётларни ўтказдик, ИШИДнинг кўплаб аъзолари ўлдирилди. Биз бу вилоятда ИШИД борлигини тасдиқлаймиз, бироқ биз жанггариларга қарши ерда ва осмонда ҳарбий амалиётларни давом эттириб, ИШИДга вилоятни эгаллаб олишларига йўлқ қўймаймиз”, - деди Афғонистон Мудофаа вазирлигининг матбуот котиби “Озоди” радиосига.

Бироқ маҳаллий аҳоли ва Дарзаб уездининг ҳокимига кўра, жанггарилар вилоят ҳудудининг бир қисмини ўз назорат остига олишган ва ҳатто табиий ресурслар – қимматбаҳо металллар ва тошлар қазиб чиқариш билан шуғулланишмоқда. Дарзабда жанггарилар сони кўпайиб бораётганига қарамай, уездда қўшимча ҳукумат қўшинларининг пайдо бўлаётгани аломатлари йўқ, деди Ҳожи AFP агентлигига.

Олдинроқ экспертлар Сурия ва Ироқдан қувиб чиқарилган ёлланма жанггарилар Афғонистонга келишлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантиргандилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги