22:28 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Марказий банки конверсион карталарга қўйилган барча чекловларни олиб ташлади

07.12.2017 08:58 msk

Фарғона

Ўзбекистон Марказий банки конверсион карталардан фойдаланишдаги чекловлар олиб ташланганини маълум қилди.

МБ матбуот хизмати 5 декабрь куни маълум қилишича, эндиликда банкоматлардан нақд пул ечиб олиш бўйича кунлик ва ойлик лимит бекор қилинди. Карта эгалари эндиликда чекланмаган миқдордаги маблағларни ечиб олишлари мумкин.

Конверсион карталар орқали онлайн дўконлардан харидларга тўлов қилиш мумкин. Хориждан юборилган пулларни автомат равишда конвертация қилиш жорий этилди. Эндиликда ушбу карталар орқали дунёнинг барча мамлакатларида исталган дўкон, меҳмонхона ва тўлов қабул қилиш имкони мавжуд бўлган нуқталарда тўловларни амалга ошириш мумкин

Бундан ташқари, конверсион карталардан фойдаланишда турли хил мақсадлар бўйича ўрнатилган чекловлар бекор қилинди.

Конверсион карталардаги маблағлардан Ўзбекистондаги банклар орқали тегишли ҳужжатлар (инвойс) тақдим этган ҳолда даволаниш, ўқиш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланиш мумкин.

Декабрдан бошлаб конверсион карталар орқали меҳмонхоналар, авиачипталар ва онлайн дўконлардаги харидлар учун интернет-тўловларни амалга ошириш мумкин.

Чет элга пул ўтказмаси амалга оширилаётганда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги нақд пул маблағларини, шу жумладан, уларнинг банк карталаридаги маблағларини автоматик тарзда конвертация қилиш тартиби жорий қилинди.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ банк комиссияларининг пасайиш тенденциялари кузатилмоқда. Жумладан, конверсион карта орқали тўлов учун — 0,5−1 фоиз белгиланган бўлса, жисмоний шахслардан чет эл валютасини сотиб олишда комиссия ундирилмайди. Юридик шахслар маблағларининг конвертацияси учун эса асосан 0,2−0,5 фоизлик комиссия олинади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги