22:19 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Чорвоқ” туризм зонасини меҳмонхоналар билан тўлдиришади

07.12.2017 08:57 msk

Фарғона

Тошкент вилоятининг Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси чегараси доирасида “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этилади. Бу тўғридаги фармонни президент Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни имзолади.


Чорвоқ сув омбори. Фото: © Евгений Чубко/Фарғона

Расмийлар бир ой муддат ичида ташкил этилаётган эркин туристик зонанинг аниқ чегараларини белгилаб беришлари лозим. Шу билан бирга, эркин туристик зона Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси доирасида яхлит ҳудуд кўринишида, шунингдек, алоҳида ҳудудлар кўринишида белгиланиши мумкин. Олдинроқ Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонасининг лойиҳа ишларини Туркиянинг Global Architecture Development ширкати бажаради деб хабар берилганди.

“Чорвоқ” зонасида туризмнинг турли соҳалари, биринчи навбатда экстремал ва тоғ туризми, шу жумладан, чанғида учиш, сноубординг, параплан ва дельтапланларда парвоз қилиш, велоспорт ва мотоспортни ривожлантиришмоқчи. Бу ерда экологик ва қишлоқ туризмини ривожлантиришга ҳам шароитлар бор.

Расмийлар “Чорвоқ”ни ободонлаштиришга инвесторларни жалб қилишмоқчи. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига эркин туристик зонада амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Сўнги пайтда Ўзбекистон чет эллик саёҳатчиларни жалб қилиш бўйича кампаниясини кенгайтирмоқда. Ноябрда Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси пахтачилик соҳасидан бир неча баробар даромадлироқ деб билдирди. Декабрда президент чет эллик саёҳатчилар учун 30 кунлик ягона туризм визаси жорий этилишини тасдиқлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги