22:22 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Афғонистон ва Ўзбекистон $500 миллионлик шартномалар имзоладилар

06.12.2017 17:14 msk

Фарғона

Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шарномалари имзоланди, дея хабар беради давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати. Ушбу ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон қўшнисига электр энергияси, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва транспорт воситалари етказиб беради.


Ашраф Ғаний (чапда) ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Томонлар шунингдек, Ўзбекистондан Афғонистонга янги электр линияси қурилиши тўғрисида келишиб олдилар. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланди. Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистоннинг Афғонистон ҳудудида янги темир йўллар қурилишида иштирок этиш нияти ҳақида шу йилнинг августида хабар бергандик. “Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раисининг ўринбосари Даврон Деҳқонов ўшанда бу лойиҳа Тошкент учун “ўта муҳимлигини, чунки бу Афғонистон ва Покистон орқали Эроннинг Бандар Аббос денгиз портига чиқиш имкониятини беришини” маълум қилганди. Ўзбекистонлик темирйўлчилар 2010 йилда Афғонистоннинг шимолида 75 километрга чўзилган “Ҳайратон – Мозори Шариф” йўли қурилишини ниҳоясига етказгандилар. Ушбу йўл участкаси Трансафғон транспорт коридаорининг узвий қисми бўлиб, Ҳиротгача йўлнинг қурилиши ушбу лойиҳанинг давоми бўлади.

Ашраф Ғани Ўзбекистонга 4 декабрь куни Мирзиёевнинг таклифига биноан келди. Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 декабрь куни бўлиб ўтади. Ашраф Ғани Бухорога бориб, у ерда давлат университети талабалари олдида маъруза қилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги