22:20 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги автоташувчилар ва транспорт-логистика компанияларига солиқ имтиёзлари берилди

06.12.2017 01:02 msk

Фарғона

Халқаро автоташишларни амалга оширадиган миллий автотранспорт корхоналари, шунингдек транспорт-логистика компаниялари 1.01.2022 йилгача қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2.12.2017 йилдаги ПҚ-3422-сон “2018-2021 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4 декабрь куни кучга кирган қарорида сўз юритилади, дея хабар берди Norma.uz.

Ушбу имтиёз мақсадли ҳисобланади – бўшайдиган маблағлар ўз автопаркини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, замонавий омбор терминалларини барпо этиш ва банк кредитларини сўндиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, кўрсатилган тадбиркорлик субъектлари худди шу муддатга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатиш учун мўлжалланган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган омбор асбоб-ускуналари, ортиш ва тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштирувидан ташқари) озод этилди.

Қарорда шунингдек, кўрсатилишича, автотранспорт корхоналари халқаро қатновларда юкларни ташиш учун лицензия билан шаҳарлараро қатновларда ҳам юкларни ташишга ҳақли бўлиб қолади.

Банкларга ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб 3 йилдан кўп вақт ўтмаган, юкларни ташиш ва тахлаш учун транспорт воситалари, махсус техника, шунингдек транспорт-логистика хизматлари кўрсатиш учун мўлжалланган бошқа товарларни сотиб олиш учун кредитлар ажратиш тавсия этилди. Ушбу кредитлар бўйича фоиз ставкаси МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайди. Имтиёзли давр эса 1 йилгача муддатни ташкил этади. Бунда ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб 3 йилдан кўп вақт ўтмаган транспорт воситалари контрактда кўрсатилган 100 қиймати бўйича ушбу кредитлар бўйича гаров сифатида қабул қилинади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги