22:28 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

БМТ Марказий Осиё мамлакатларидаги оч қолаётган одамлар сонини аниқлади

06.12.2017 01:00 msk

Фарғона

Марказий Осиё мамлакатларида 5.6 млн киши қорни тўйиб овқатланмаяпти. Бу ҳақда 4 декабрь куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги дастури (Food and Agriculture Organization, FAO) “Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш соҳасидаги аҳвол – 2017” дея аталувчи маърузани тақдим этган ҳолда маълум қилди.


Ўзбекистон бозорида. © Фото Андрей Кудряшов/Фарғона

Оч қолаётган одамларнинг энг кўпи Тожикистонда аниқланган – 2,6 млн ёки республика аҳолисининг 30 фоизи. Ўзбекистонда 1.9 млн киши қорни тўйиб овқатланмаяпти (6.3%). Бу кўрсаткич Қирғизистонда – 0.4 млн кишини (6.4%), Туркманистонда 0.3 млн кишини (5.5%) ташкил этади. Қозоғистон бўйича маълумотлар келтирилмаган, жадвалнинг тегишли графасида бу сон арзимайдиган даражада деб кўрсатилган, бироқ умумий суммадан келиб чиқилса, бу мамлакатда тўйиб овқатланмайдиган одамларнинг сони 0.4 млн кишини ташкил этишини аниқлаш мумкин бўлади ва бу мамлакат умумий аҳолисининг 2.5 фоизини ташкил этади.

FAO қайд этишича, 2005 йилга нисбатан минтақа мамлакатлари очликка қарши кураш соҳасида анчайин ютуқларга эришган, бироқ айни пайтда Марказий Осиё мамлакатларидаги аҳвол стагнация ҳолатида бўлиб, кўрсаткичлар деярли ўзгармаяпти. Биргина Туркманистонда аҳвол ёмон томонга ўзгарган – бу мамлакатда 2005 йилда аҳолининг 4.6 фоизи тўйиб овқатланмасди, 2016 йилга келиб 5.5 фоизга етди.

FAO Қозоғистондан ташқари Марказий Осиё мамлакатларининг ҳаммаси аҳолиси тўйиб овқатланмаслик ва микроэлементлар тақчиллигидан азият чекаётган мамлакатлар тоифасига киритилганини маълум қилди. Бу ерда семиз одамларнинг сони нисбатан кам.

Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида жами 14.3 млн киши тўйиб овқатланмаяпти, тўлақонли овқатланиш билан боғлиқ муаммолар борган сари кучаймоқда. Сайёрамизда жами 815 млн киши очликдан азият чекмоқда ва бу Ер аҳолисининг 11 фоизини ташкил этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги