22:21 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримовнинг кенжа қизи Тошкентда читгарлик ва қолиплар ёрдамида матога гул босиш кўргазмасини ташкил этди

05.12.2017 09:38 msk

Фергана

Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Тошкентда ўзбек читгарлиги санъатига бағишланган навбатдаги кўргазмасини тақдим этди. Бу ҳақда у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди. “Йўқотилган жаннатни излаб...” деб аталадиган кўргазма Ислом Каримов номидаги Фонднинг навбатдаги лойиҳасидир.


Лола Каримова-Тилляевнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган фотосурат

“Читгарлик – амалий безак санъатининг қадимий турларидан бири бўлиб, ёғоч қолиплар ёрдамида матога гул босиш жараёнидан иборат. XIX асрнинг охири – ХХ асрнинг бошларида Тошкент, Бухоро, Хива, Марғилон ва Наманган шаҳарларида читгарлик санъати кенг тарқалган эди. Ўзининг бежиримлиги, қўлланишда қулайлиги ва арзонлиги туфайли бундай матолар халқ орасида кенг тарқалган эди. Читгар-усталар матони яратиш жараёни мураккаб бўлишига қарамай, ушбу санъатда юқори натижаларга эришдилар. Халқ ҳунармандчилигининг мазкур тури ХХ асрнинг ўрталарига келиб деярли йўқолиб кетди, ва 1970 йилларнинг охири – 1980 йилларнинг бошида вақтинча қайта тикланди. Афсуски, 2000-йилларнинг бошига келиб читгарлик санъати деярли йўқолиб бораётган санъат турларидан саналиб, Бухоро, Тошкент ва Марғилон шаҳарларида қисман сақланиб қолган. Марғилонда ушбу ҳунармандчилик тури Раҳимжон Мирзааҳмедов, Тошкентда – Абдуҳошим Рахимов ва Юра Пак, Самарқандда – Володя Ахатбеков, Бухорода – Хабиба Маликоваларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли давом этиб келмоқда”, - дея ёзади Лола Тиллаева.

Кўргазма Тошкентдаги Фотография уйида жойлаштирилган бўлиб жорий йилнинг 20 декабрга қадар давом этади.

Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистонни 2006 йилда тарк этган. Эри Темур Тиллавев билан Парижда, Женневада ва Лос-Анжелесда яшаган. Хайрия ишлари билан шуғулланиб яқин кунларгача Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОда вакили бўлиб ишлаган.

Лоланинг опаси Гулнора Каримова айни пайтда коррупция ва ноқонуний бойлик ортиришда айбланиб қамоқда ўтирибди. Айни пайтда шунақа айбловлар Лолага нисбатан ҳам очиқлана бошлади. Мисол учун, ўтган кузда журналистларнинг European Investigative Collaborations (EIC) консорциуми Ўзбекистонда импорт товарлари сотилишининг “яширин схемалари”ни фош этди. Ушбу схемани қўллаган Лола ва унинг эри миллион-миллион долларга тенг ноқонуний даромадларга эга бўлдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги