22:20 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда собиқ сиёсий маҳбус Мурод Жўраев вафот этди

04.12.2017 18:02 msk

Фарғона

Мурод Жўраев
Қашқадарё вилоятининг Муборак шаҳрида 4 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 14.15 атрофида собиқ сиёсий маҳбус, 2015 йилнинг ноябрида қамоқдан оғир касал бўлиб чиққан Мурод Жўраев 65 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Фарғона” агентлигининг ўз мухбирлари маълум қилдилар.

Мурод Жўраев умрининг 21 йилини қамоқда ўтказди. XX асрнинг 90-чи йиллари бошида у Ўзбекистон парламенти депутати бўлган. 1994 йил 18 сентябрда уни қамоққа олдилар ҳамда мухолифатдаги “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан зўрлик билан ҳокимиятни қўлга олишга уринишда айблов қўйдилар. Жўраевни 1995 йилда 12 йилга озодликдан маҳрум этдилар, бироқ кейинига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 моддаси бўйича (Жазони ўташ муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) қамоқ муддатини бир неча бор узайтирдилар. Мурод Жўраевни 2015 йил 12 ноябрда, Тошкентга АҚШ давлат котиби Жон Керри ташрифидан кўп ўтмай озод этдилар.

Колонияда Жўзраевнинг соғлиғи анча ёмонлашди. Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси маълумотига кўра, маҳкумлик йиллари давомида Жўраевнинг тишлари тўкилиб кетди, бурун бўшлиғи доим яллиғланиб юрди, тинимсиз бош оғриқларидан қийналди, зўрға юрар ва ёмон эшитарди, умуртқа поғонасини жарроҳлик операция қилиш тавсия этилганди. Даволангани Германияга бормоқчи бўлди, бироқ расмийлар унга чет элга чиқишига рухсат бермадилар. Озодликка чиққанидан икки йил ўтиб унга хорижга чиқиб даволанишга рухсат бердилар, бироқ чиқиш визасини бермадилар.

Мурод Жўраевнинг дафн маросими эртага, 5 декабрь куни бўлиб ўтади.

“Фарғона” ахборот агентлиги таҳририяти Мурод Жўраевнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги