22:29 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда илк борн инновациялар вазирлиги тузилди

30.11.2017 12:37 msk

Фарғона

Министерство инноваций
Инновациялар вазирлиги
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда Ўзбекистонга жадал инновацион ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолар санаб ўтилган. Мисол учун, давлат дастурларини ишлаб чиқишда замонавий фан ва инновацион технологияларнинг ютуқлари ва ривожланиш тенденцияларини лозим даражада комплекс таҳлил қилиш ва ўрганиш мавжуд эмаслиги, фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишнинг ҳозирги аҳволи инновацион ғоялар ва ишланмаларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва амалий жорий этиш учун лозим даражадаги шароитларни таъминламаётгани, иннвацияларни татбиқ этишда кўп ҳолларда тор идоравий манфаатларнинг устунлик қилиши санаб ўтилган. Мазкур муаммоларнинг барчаси янги вазирлик томонидан ҳал этилади.

Вазирлик фаолияти турли соҳалар – экология ва соғлиқни сақлашдан тортиб қишлоқ хўжалиги ва таълимгача қамраб олади. Маҳкама табиатни асровчи, ресурс- ва энергиятежамкор технологияларни, илғор медицина технологияларни, аграр соҳадаги янгиликларни жорий қилиш, истеъдодли ёшларни аниқлаш ва уларга кўмак бериш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, 2018 йил 1 январидан бошлаб Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси ва Фан ва технологиялар агентликлари тугатилади. Уларнинг ваколатлари ва ходимлари янги вазирликка ўтказилади. Шунингдек, Илмий-техник фаолиятни қўллаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳам тугатилади.

“Газета.uz” хабар беришича, Фанлар академиясининг собиқ вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов инновацион ривожланиш вазири этиб тайинланди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги