22:23 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қатағонлар ҳақидаги хотиралар учун ҳукумат масъул бўлади

30.11.2017 12:33 msk

Фарғона

Тошкентнинг “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида жойлашган, илгари Ўзбекистон Фанлар академияси таркибида бўлган Қатағон Қурбонлари Хотираси Музейи 25 ноябрдан бошлаб Вазирлар маҳкамаси ихтиёрига ўтказилади. Вазирлар маҳкамаси қарорига мувофиқ, энди мамлакатда қатағон қурбонлари хотираси музейларининг тизими барпо этилиб, олий таълим тизимига киритилади: музейлар вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон республикаси университетлари қошида очилади.

Ҳозирги қатағон қурбонлари хотираси музейи Ислом Каримов ҳукмдорлиги пайтида, икки мингинчи йилларнинг бошида тузилган бўлиб, 400 квадрат метр майдонли бинода жойлаштирилган ва ундаги экспозициялар олтита бўлимга тақсимланган эди.

2008 йилда музей экспозициясига жиддий ўзгартиришлар киритилди. Музей биноси таъмирланиб кенгайтирилди ва айни пайтда унинг майдони 960 квадрат метрга тенг бўлиб қолди. Экспозициянинг ўзи эса учта кўргазма залларига жойлаштирилди.

Музей жойлашган ери ҳам рамзий маънога эга – бу ерда XX асрнинг йигирманчи йиллар бошидан ўттизинчи йиллар охиригача қатағон қурбонларининг оммавий қатллари амалга оширилган.


Бўлажак музей қуриладиган ердаги қазиш ишлари

Бугунги экспозиция Ўзбекистон тарихининг турли даврларини - XIX аср охиридан мустақилликка эришгунга қадар вақтни қамраб олади. Тематик экспозиция ўнта бўлимга тақсимланган, уларда Туркистон ўлкасининг турли даврларига оид тарихи ҳақида ҳикоя қилинади.

Вазирлар маҳкамасининг 22 ноябдаги қарорига мувофиқ нафақат музейнинг янги устави қабул қилинади, балки молиялаштириш манбалари кенгаяди, музей штатидаги ходимлар сони кўпаяди. Энди музей олдига қўйиладиган вазифалар ва функциялар ҳам кўпаяди. Бундан бери музейда республика ва халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказилади, унинг фондларидан таълим мақсадларида фойдаланилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги