22:28 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг 80 ёши муносабати билан конференция ўтказилади ва кинофильм суратга олинади

30.11.2017 10:48 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни ўзининг вафот этган ўтмишдоши Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини “кенг нишонлаш” тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, “буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг она Ватан мустақиллиги, эл-юрт равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш мақсадида қабул қилинди”.


Ислом Каримов 1938 йил 30 январь куни туғилган. У Ўзбекистонни президент лавозимида 1990 йилдан бери 26 йил давомида бошқарган. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йил 2 сентябрь куни (“Фарғона” АА маълумотига кўра, 29 август куни) 79 ёшида инсульт натижасида вафот этган. Жорий йилнинг кузида Тошкент ва Самарқандда Каримовга ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилди. Яни битта ҳайкални Москвада ўрнатишмоқчи.

Таваллуд санасини нишонлаш доирасида 2018 йил январида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуаси, 1986 йилдан 1989 йилгача Ўзбекистон Компартияси обкомнинг биринчи котиби бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг маъмурий маркази Қарши шаҳрида унга бағишлаб ҳайкал ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан собиқ давлат раҳбарининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм яратиш, “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)” китобини, Ислом Каримовнинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарларини, шунингдек, “Президентга мактублар” китобини нашр этиш режалаштирилмоқда.

Самарқандда «Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилади. Таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида биринчи президент хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этилади. 2018 йилнинг I чорагида «Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танлови якунланиб, унинг ғолиблари тақдирланиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон президенти оммавий ахборот воситаларига бўлажак байрам тантаналарини кенг ёритиб боришни тавсия қилди. Бизнинг таҳририятимиз ҳам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 80 йиллигини нишонлашга қўшилишга қарор қилди. Нашримизнинг бу давлат арбобига нисбатан муносабатимиз ўзгача бўлганига қарамай, бу одам бизнинг кўплаб мақолаларимизнинг қаҳрамони бўлганини ва агар Каримов бўлмаганида, балки сизлар билган “Фарғона.Ру” агентлиги ҳам бўлмаслиги мумкинлигини тан оламиз.

Шу муносабат билан “Фарғона” ахборот агентлиги таҳририяти ўқувчиларимиз орасида Ўзбекистоннинг биринчи президентига, унинг бу мамлакат тарихидаги ролига бағишланган энг яхши мақолага танлов эълон қилади. Каримов ҳақида ўзингиз ўйлаган фикрларингиз, унинг хизматлари ва хатолари, фазилатлари ва нуқсонлари, қаҳрамонликлари ёки жиноятлари ҳақида ёзиб бизга жўнатинг.

Энг яхши мақолалар сайтимизда чоп этилади. Танлов ғолиби эса муносиб пул мукофотига эга бўлади!

Мақолаларингизни ferghananews@gmail.com ёки тўғридан-тўғри бош муҳаррир Даниил Кисловга dan@kislov.ru манзилига ёзишингиз мумкин.