22:21 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон харитасидан Ниязовнинг номлари олиб ташланадиган бўлди

30.11.2017 09:27 msk

Фарғона

Туркманистоннинг ўлган президенти Сапармурат Ниязов (чапда)
Туркманистон Межлиси (парламенти) республиканинг шарқий қисмидаги қатор аҳоли пунктларининг номини ўзгартириб, улардан собиқ президент Сапармурат Ниязов ва унинг қариндошлари номини олиб ташлашга қарор қилди. “Альтернативные новости Туркменистана” хабар беришича, ўзгаришлар Лебап вилоятида бўлиб ўтди, куни-кеча Бердимухаммедов ҳукуматнинг кўчма мажлисини айнан шу ерда ўтказганди.

Мисол учун, Ниязов отасининг шарафига қўйилган Атамират этрапи (тумани) ва Атамират шаҳрига унинг эски номлари – Керки этрапи ва Керки шаҳри қайтарилди. Туркман тилида доҳий маъносини берувчи Сардар дея номланган Сапармурат Ниязовга атаб қўйилган Сердарабад этрапи қайтадан Чаржев этрапи дея атала бошланди. Бирата этрапи ва шаҳрига Дарганата номи, Галқиниш этрапи ва Галқиниш шаҳрига эса яна Дэнев номи қайтариб берилди. Дэнев этрапидаги Ниязов посёлкаси бундан буён Гарашсизлиқ (Мустақиллик) дея номланди.

Бундан ташқари, парламент қарори билан Бийик Туркменбаши этрапи тугатилди. Унинг маъмурий ҳудуди Довлетли этрапига ўтказиб берилди.

Ушбу қарорни шарҳлай туриб Бердимухамедов Лебап вилоятида ўтмишда номи машҳур бўлган жойлар кўплигини қайд этиб ўтди. “Агар биз уларнинг топономикасини сақлаб қолсак, келгуси авлод учун миллий меросимизни сақлаб қолган бўламиз”, деди Туркманистон президенти “Туркменистан сегодня” келтирган иқтибосда. Президент ўтмишда Туркманистон ҳудуди орқали Буюк Ипак йўли ўтганини ва тарихда кўплаб шаҳарлар, вилоятлар ва жойларнинг номини қолдириб кетганини эслатиб ўтди. “Уларнинг номлари нафақат қўҳна манбалар ва илмий рисолаларда, балки халқнинг хотирасида ҳам сақланиб қолган. Деҳистон, Амул, Абиверд, Парфия... Қандай гўзал номлар! Бунақанги мисолларни кўплаб келтириш мумкин”, дея қайд этиб ўтди Бердимухамедов.

Миллий телевидение хабар беришича, Бердимухамедов мамлакат бўйлаб ишчи сафарини Мари вилоятига давом эттиради. Яқин кунлар ичида бу вилоятда ҳам ниязовча номлар олиб ташланиши кутилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги