22:25 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Петербургда фуқаролик уруши даврида танилган тожикистонлик мулла Саид Ғозий йўқолиб қолди

29.11.2017 00:30 msk

Фарғона

Сайид Қиёмиддин Ғозий
Санкт-Петербургада 1990-йиллардла машҳур бўлган руҳоний Саид Қиёмиддин Ғозий йўқолиб қолди, дея хабар беради “Озоди” (Озодлик радиоси тожик хизмати) унинг қариндошларига таянган ҳолда.

Руҳоний домланинг рафиқаси Ражабгул Мусалмоновага кўра, Саид Қиёмиддин Ғозий ўғли Баракатуллоҳга 21 ноябрь куни ярим тунга яқин “Пулково” аэропортидан қўнғироқ қилган ва Тожикистонга депорт қилинаётганини айтган.

Руҳонийнинг рафиқаси Ражабгул Мусалмонованинг айтишича, Саид Қиёмиддинни Санкт-Петербург – Хўжанд самолётига ўтқазишгани аниқ бўлди. Бироқ, Сўғд вилояти маъмурий марказига келган самолёт йўловчилари орасида у йўқ эди. Хўжанд аэропортида руҳонийнинг қариндошларига самолётда Саид Қиёмиддин Ғозий ўзини ёмон ҳис қилгани боис, “Тез ёрдам” уни шифохонага олиб кетганини айтишди.

Тожикистон мухолифатига тегишли вебсайтнинг хабар қилишича, Саид Ғозий Санкт-Петербург аэропортида Тожикистон ва Россия махсус хизматлари ходимлари томонидан ушланган. Ўша куни кечқурун у Хўжандга экстрадиция қилинган. Айни дамда у шаҳардаги тергов изоляторларидан бирида ушлаб турилибди, дея таъкидлайди “Паём” сайти.

Ражабгул Мусалмонованинг айтишича, эри ёз ойида йиқилиб тушган ва оёғини синдириб олган. “Бир ойдан кўпроқ у Россияда даволанди. Бироқ даволашлар самара бермади ва у Эронга боришга қарор қилди”, - дейди аёл. 21 ноябрь куни кечқурун Саид Қиёмиддин Ғозий Эрондан Истанбул орқали Санкт-Петербургга қайтган. Рафиқаси кўра, 2015 йилдан бери руҳоний Нева бўйидаги шаҳарда яшаб келарди. Бу шаҳарда у қаҳвахонага эгалик қилиб, ўғиллари билан ишларди. Ражабгул Мусалмонованинг таъкидлашича, унинг эри Тожикистонда ҳам, Россияда ҳам қидирувда бўлмаган. Руҳоний анчадан бери сиёсат билан шуғулланмайди ва бирор бир исломий партия аъзоси бўлмаган.

Қиёмиддин Ғозиев ёки Эшон Саид Қиёмиддини Ғозий 90-йилларда тожик руҳонийси сифатида машҳур эди. У 1992 йилдаги “Шоҳидон” майдонида (Тожикистон КП МК собиқ биноси олди) коммунистик режимга қарши бўлганларнинг намойишидаги нотиқлардан бири эди. Айнан ўша майдонда унга “халқ генерали” деган норасмий ном берилган эди. Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиши билан у Афғонистонга ўтиб кетди ва Бирлашган Тожик мухолифати билан ҳамкорлик қилди. 1997 йилда Тожикистонда Тинчлик ва миллий Келишув Битими имзоланганидан сўнг мамлакатга қайтди ва Миллий яраш Комиссиясининг қўмиталаридан бирининг аъзоси бўлди. Тинчлик ва Миллий келишувни амалга оширгани учун “Шараф” ордени билан тақдирланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги