22:23 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада суд журналист Али Ферузни жаримага тортди ҳамда уни Ўзбекистонга жўнатиб юбориш тўғрисида қарор чиқарди

28.11.2017 18:43 msk

Фарғона

“Новая газета” журналисти Худойберди Нурматов (Али Феруз тахаллуси остида танилган) патентсиз ишлаётганда айбдор деб тан олинди, беш минг рубл жаримага тортилди ҳамда Ўзбекистонга чиқариб юборишга ҳукм қилинди. Ушбу қарор Москва шаҳар Басманий суди томонидан 21 ноябрь куни кечқурун қабул қилинди, дея хабар беради “Новая газета”.


Шу билан бирга, судья Нурматовнинг мамлакатдан чиқариб юбориш процедураси Европа Инсон ҳуқуқлари бўйича суди томонидан даъвво аризаси кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб қўйилганини эътиборга олди. Шунинг учун мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қарорнинг ижро этилиши Европа Инсон ҳуқуқлари бўйича суди қарор чиқаргунига қадар кечиктирилди. Бунгача Нурматов чет эллик фуқароларни сақлаш марказида қолади.

Суд мажлиси давомида Али Феруз айбига иқрор бўлмади. У юридик жиҳатдан “Новая газета” билан меҳнат муносабатларида бўлмаган. У нашрга ўз мақолаларини таклиф қилган, таҳририят лозим топган бўлса, уларни чоп этган. “У қилган меҳнати эвазига пул олганининг исботи йўқ. У нашр ходимлари ёнларидан пул тўплаб, унга беришганини айтмоқда”, - дея билдирди судда адвокат Даниил Хаймович.

Шунга қарамай, суд журналистни РФ Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 18.10 банди билан айбдор деб топди (федерал аҳамиятга эга бўлган Москвада патентсиз ишлаш). Судья таъриф этилган ўзаро муносабатларни меҳнат муносабатлари дея ҳисоблаш лозим, деган қарорга келди.

Суд мажлиси Али Феруз учун кутилмаганда бўлиб ўтди. 21 ноябрь куни у соат 19 да ҳамкасбларига телефон қилиб, уни негадир машинада Басаманний судга олиб кетишаётганларини маълум қилди. Суд биноси бегоналар учун соат 18 да ёпилади, шунинг учун Ферузнинг ҳамкасблари ва дўстларини суд биносига қўйишмади ва улар эшик тагида кутишга мажбур бўлдилар. Бир неча соат ўтиб маъмурий иш бўйича қарор чиқарилгани тўғрисида маълум бўлди.

Али Феруз олти йилдан бери Россияда яшайди, онаси ва бошқа қариндошлари Россия фуқаролари бўлиб, унинг ўзи ҳам Россияда катта бўлган. Журналистга кўра, уни ўзбек махсус хизматлари ўзига айғоқчи қилиб ёлламоқчи бўлганида у Ўзбекистонда қочиб кетган. У ҳамкорлик қилишдан бош тортган ва шунинг учун ҳам уни қамаб қийноққа солишлари ёки ўлдиришлари мумкин деб ҳисоблайди. Шунингдек, Феруз гомосексуалист бўлгани учун Ўзбекистонга боришдан хавфсирайди.

Бироқ 2012 йилда журналистнинг ўзбек паспорти ўғирланди ва шунинг учун у Россияда легаллаша олмаяпти. Миграция хизмати журналист Ўзбекистонга қайтиб, у ерда янги паспорт олишини ва шундан кейин Россияга келишини талаб қиляпти.

“Новая газета” меҳнат жамоаси РФ президенти Путинга мурожаат қилиб, ўзининг штатсиз мухбирини мамлакатдан чиқармасликни сўраяпти. Change.org сайтида журналистнинг ҳимоясига петиция чоп этилган. Кўпчилик маданият арбоблари ва ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари Ферузнинг ҳимояси учун чиқдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги