22:27 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Давлат статистикка қўмитаси илк бор инфляция ҳақида ҳақиқатга яқин маълумотларни эълон қилди

28.11.2017 18:35 msk

Фарғона

Ўзбекистонда товар ва хизматларга истеъмол нархлари инфляцияси жорий йилнинг 10 ойи давомида 9.3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг сайтида чоп этилган маълумотлар гувоҳлик бермоқда. Кўрсатилган давр мобайнида озиқ-овқат маҳсулотларига нархлар ўртача 9.4 фоизга ўсди, озиқ-овқат бўлмаган товарлар 10.3%, хизматлар 7.2 фоизга қимматлади.


Манба- Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси

2017 йил 10 ой давомида озиқ-овқат маҳсулотларга нархлар бир хил ўзгармади: энг катта нарх ўсиши февраль (1.9%), сентябрь (1,8%) ва октябрь ойида (1,7%) кузатилди, ҳолбуки, июнь ва июлда нархлар 1% ва 0,7% га тушиб кетди. Ўтган йилнинг декабрига нисбатан ҳаммасидан парранда гўшти (45.8%), лўя (50.1%), нўхот (34.3%), шакарнинг (25.7%) нархи кўтарилиб кетди ва шу билан бирга, гуручнинг нархи 4.1 фоизга камайди.


Статистик маҳкама маълумотларига кўра, жорий йилда мева-сабзавот маҳсулотларига нархлар январдан апрелгача ўсган, ҳамда майдан сентябргача пасайган. Октябрда ушбу товарлар гуруҳида нархлар кўтарилиши қабатида оқ карамнинг нархи 18%, пиёз – 12.8, сабзи – 9% ва картошка 2.1 фоизга пасайди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотларига нархлар жорий йилнинг 10 ой давомида ойига ўртача 1 фоиздан ўсган. Мисол учун, енгил автомобилларга нархлар 50, 2%, тамаки маҳсулотлари 17,8% қимматлади, шахсий гигиена товарлари – 14.7%, газлама, ип – 14.7%, асосий маиший товарлар ва электр ускуналари – 11.5%, кир ювиш совуни ва кукунлари – 11.2%, алоқа воситалари ва қурилиш материаллари – 10.7%, маиший текстиль – 10.4;, кийим-кечак ва пойафзал – 10.9% ва 10.2 фоизга кўтарилди.


Пуллик хизмат соҳасида алоқа тарифлари 23.8%, маданият муассасалари – 14.7%, мактабгача болалар муассасалари – 8.3%, йўловчи транспортга – 6.9%, турар-жой-коммунал – 6.8% ва маиший хизматлар 4.6 фоизга ўсди.

Қайд этиш жоиз, Давлат статистика қўмитаси эълон қилган жорий йилнинг 10 ойи учун инфляция даражаси (9.3%) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1.5 фоизга ўсган (7,8%). Шунингдек, бу статистика олдинги йилларда истеъмол нархлари ўсиши бўйича тақдим этилган расмий статистикадан (2016 йилда 5.7%, 2015 йилда – 5.6% ва 2014 йилда – 6.1%) анча фарқ қилади. Экспертлар кўп маротаба бу кўрсаткичларни очиқдан-очиқ ёлғонга чиқариб келганлар. Давлат статистика қўмитаси тақдим этаётган ҳозирги маълумотлар ҳақиқатга яқин, дейди тошкентлик номи сир қолиши истаган эксперт. “Ушбу маълумотларни синчковлик билан текширишга имкониятимиз бўлмаса ҳам, озиқ-овқат товарлари бўйича инфографикадан аҳвол чиндан ҳам шунақа эканлигига ишониш мумкин”, - деди у.

Олдинроқ сентябрда Марказий банкнинг монетар сиёсат раҳбари Илҳом Норқулов Ўзбекистонда 2017 йил якунлари бўйича инфляция 11-12% кутилмоқда, деб билдирди. “Прогноздаги ўзгаришлар иқтисодиётда кредитлар ўсиши билан изоҳланади”, - дея аниқлик киритди у. Ўз навбатида Марказий банк раисининг ўринбосари Тимур Ишметов шу кунларда билдиришича, 1 январдан бошлаб Ўзбекистон инфляция ҳисобининг янги, бутун дунё бўйича қабул қилинган стандартларига ўтмоқчи.

“Бизда доим инфляция даражаси бўйича тортишувлар бўлиб турарди. Бизнинг расмий методологиямизга мувофиқ бир хил кўрсаткич чиқса, халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро валюта фондида бошқа кўрсаткич чиқарди. Бу ишда ноқулайликлар келтириб чиқаради. Агар инфляция кўрсаткичинг нотўғри бўлса, унда тўғри ҳаракатларни амалга ошириш ҳам қийин бўлади”, - дея қайд этди мулозим.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги