22:24 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Нью-Йоркда пиёдаларни босиб кетган Сайфулло Соиповга 22 банддан иборат айблов қўйилди

23.11.2017 09:43 msk

Фарғона

АҚШ прокуратураси жорий йилнинг 31 октябрь куни Нью-Йоркда пиёдаларни қасддан бостириб саккиз кишининг ўлимига ва 12 кишининг жароҳат олишига сабаб бўлган келиб чиқиши ўзбекистонлик Сайфулло Соиповга расмий айблов эълон қилди. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатлари Адлия вазирлиги ўзининг сайтида маълум қилмоқда (матннинг инглиз тилидаги тўлиқ матнини бу ерда ўқишингиз мумкин goo.gl/Gqa4yi).

Жиноий қилмишларини содир этаётган пайтда қўлга олинган Соиповни 22 банд бўйича, жумладан, саккиз одамнинг ўлдириш, 12 нафар одамни ўлдиришга қасд қилиш, “Ислом давлати” террорчилик ташкилотига моддий ёрдам кўрсатиш, зўрлик ишлатиш ва транспорт воситасини бузишда айбланмоқда.

Суд маслаҳатчилари томонидан тасдиқланган ушбу айблов ишни судда кўриб чиқиш имкониятини беради. Айбловнинг кам деганда икки банди бўйича судланувчи умрбод қамоқ жазосига ёки ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

“Соипов ўз олдига катта талафот етказиш, бегуноҳ қурбонларни ўлдириш ва жароҳат етказиш ҳамда шаҳарни террор қилишни мақсад қилиб олган”, - деб билдирди айблов бўйича директорнинг ўринбосари Суини.

Айблов хулосасида шунингдек, Саипов ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқидан фойдаланишдан бош тортиб, барча жиноятларни содир этганига иқрор бўлди. Хусусан, унинг гапларидан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

– Тинч фуқароларга тажовуз қилишга унинг телефонидаги “Ислом давлати”нинг видеотасвирлари руҳлантирган.

– Ушбу ҳужумларни у тахминан бир йил олдин режалаштиришга бошлаган. Икки ой олдин у юк машинасидан фойдаланишга қарор қилган. Ҳужум олдидан машқ қилиб олиш учун у 22 октябрь куни юк машинасини ижарага олган.

– Соипов Вест-Сайд даҳасидаги пиёдаларга ҳужум қилишни ва шундан кейин Бруклин кўпригига ўтиб, у ердаги пиёдаларни босиб кетишда давом этишни олдиндан режалаштириб келган. Ҳужум учун у Ҳеллоуин байрами нишонланадиган 31 октябрь кунини танлаган, чунки бу кунда кўчада одамлар кўпроқ бўладилар.

– Соипов ҳужум пайтида машинанинг олд ва орқа қисмига Ислом давлати байроқларини илиб қўймоқчи эди, бироқ бу билан одамларнинг эътиборини ўзига жалб этиш мумкинлигини инобатга олиб бу фикридан қайтган. Соипов ИШИД байроғини ётган палатасига илиб қўйишларини сўраган ҳамда қилган ишларидан хурсандлигини билдирган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги