12:46 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия Ўзбекистонга нефтнинг биринчи партиясини жўнатди

20.11.2017 18:10 msk

Фарғона

Россия синов тарзда Ўзбекистонга нефть жўната бошлади, биринчи партия 17 ноябрь куни жўнатилди, дея хабар беради “Интерфакс” “Ўзбекнефтегаз” АЖга таянган ҳолда.



“Транснефть” Қозоғистондан транзит билан Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури орқали нефтни ҳайдаяпти, ундан кейин хом ашё темир йўл орқали Ўзбекистондаги нефтни қайта ишлаш заводларига етказилмоқда.

2017 йил мартида ўтган Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистондаги нефтни қайта ишлаш заводларини Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури орқали хом ашё билан таъминлаш тўғрисида келишувга эришилганди. Апрелда Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи чоғида икки мамлакат энергетика вазирликлари Ўзбекистонга 500 минг тонна россия нефтини етказиб бериш тўғрисида меморандум имзоладилар.

Ўзбекистон томони тахминига кўра, бошланишда ойига 30-50 минг тонна нефть етказиб берилади.

“Транснефть” маълум қилишича, бугунги кунда техник имкониятлар билан Ўзбекистонга бир йил давомида 0.5 млн тоннадан кўп бўлмаган нефтни етказиб бериш мумкин бўлади, холос, негаки Қозоғистон орқали ўтган қувур “Роснефть” Хитойга жўнатаётган нефть ҳажмлари билан банд: Россия Осмоности мамлакатига бир йилда 10 млн тонна нефть етказиб беришни ваъда қилинган.

“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси раёсатининг раиси Алишер Султанов март ойида маълум қилишича, Ўзбекистон нефтни қайта ишлаш заводларини Россия нефти билан таъминлаш тўғрисидаги шартнома яқин истиқболда Россиядан ёки Қозоғистондан Ўзбекистонга бир миллион тонна нефть келтириш имкониятини беради.

Жиззах вилоятида қурилиб 2020 йилгача ишга туширилиши кўзда тутилаётган янги нефтни қайта ишлаш заводини зарур хом ашё билан таъминлаш учун бу кўрсаткични келгусида беш миллион тоннагача етказиш режалаштирилмоқда.

Бритиш Петролиум маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2016 йилда 2.6 млн тонна нефть қазиб олинган, бу ўтган йилга нисбатан 3.1 фоизга кам. Яъни Ўзбекистон суткасига ўртача 55 минг баррел нефть қазиб чиқарган. Шу билан бирга, мамлакатда истеъмол қилинаётган нефтнинг миқдори 2.8 млн тоннага тенг, дея хабар беради ПРАЙМ.

1990 йиллар ўрталарида Ўзбекистонда қатор нефть конлари топилди ва мамлакат унинг импортидан воз кечди. “Нефть мустақиллиги” 2005 йилда тугади ва мамлакат Қозоғистон ва Туркманистондан хом нефтни қайтадан сотиб олишга бошлади. Олдинроқ “Фарғона” Ўзбекистонда нефть қазиб чиқариш йилдан-йилга пасаяётгани ҳақида хабар берганди. 2022 йилга келиб унинг захиралари 485.3 млн баррелгача камайиши кутилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда нефтни қайта ишлайдиган учта завод бор: Фарғона, Олтиариқ ва Бухоро. Хом ашё тақчиллиги боис заводлар тўла қувватда ишламаяптилар, ҳолбуки уларнинг умумий қуввати 11 млн тоннага тенг.

Ўтган ҳафтада нефтни қайта ишлаш заводларига 2017 йил охиригача 2 трлн сўм (250 млн доллар) фоизсиз бюджет ссудалари ажратиб берилишини кўзда тутувчи Ўзбекистон президентининг қарори эълон қилинган эди. Бу маблағдан 600 млрд сўми уч кун ичида ажратиб берилиши керак ва уни углеводород хом ашёси ва тайёр нефть маҳсулотлари импортига сарфлаш режалаштирилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги