18:14 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жасурбек Ибрагимовнинг қотилларини суд қилишни талаб қилган фаоллар 15 суткага қамалди

20.11.2017 01:01 msk

Фарғона

Ўзбекистон пойтахтида Ирина Зайдман ва Мария Леглер ўн беш суткага қамалдилар. Улар тошкентлик талаба Жасурбек Ибрагимовнинг қотилларини адолатли жазога тортиш талаби битилган хатларнинг остида имзо тўплаган фаоллар бўлади. ирина ва Марияни қўлга олиш қўпол қонун бузилишлари билан амалга оширилди, суд мажлиси эса адвокатларнинг иштирокисиў ўтказилди.


“Ибрагимов Жасурбекнинг ўлимига айбдорлар жазога тортилсин” петициясини имзолаш бўйича тайёргарликсиз бошланиб кетган ижтимоий акция Тошкентдаги Бобур номли истироҳат боғида 4 июнь куни бўлиб ўтган. Бу ерда ўз позицияларини изҳор этиш учун юзга яқин одам тўпланди. Тошкентликлар ўз петицияларини тергов органларига топширдилар. Ирина Зайдман мазкур йиғилиш иштирокчиларидан бири эди. Жасур Ибрагимов – Тошкентдаги Боровский номли медицина коллежининг талабаси, май ойининг бошида қаттиқ калтакланиб бир қатор оғир операциялардан сўнг касалхонада вафот этди. Фото © Ҳикматулла Пўлатов

“Фарғона” агентлигининг Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ўз манбасидан маълум бўлишича, Ирина Зайдманни 15 ноябрь куни эрталаб милицияга чақиртирдилар ва уни шу ерда ушлаб қолишди. Ўша куниёқ унинг квартирасида тинтув ўтказилди. 16 ноябрь куни адвокат иштирокисиз шошилинч равишда суд ўтказилди ва Ирина Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1 моддаси бўйича айбдор деб топилди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) ва 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, айни пайтда у Тошкентдаги “Панельний” массивидаги тақсимловчи-қабулхонада (приемник-распределитель) сақланмоқда.


Ирина Зайдман (дераза ёнида) Жасурбек Ибрагимовнинг иши бўйича суд мажлисида. Фото Nuz.uz. Ирина – Тошкентдаги таниқли хайриячи, волонтер. Хусусан, у онкологик касаллар учун маблағ тўплаб юради. Танишлари уни кўнгилчан, виждонли, “ёнар” инсон каби таърифлайдилар

“Фарғона”даги мавжуд маълумотга кўра, 15 ноябрь куни 4 июнда ўтган ижтимоий акциянинг яна бир иштирокчиси, имзо тўплаган Мария Леглер ҳам 15 суткага қамалди.

“Фарғона” Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот марказига телефон қилиб ҳибсга олинган аёллар ҳақида маълумот олмоқчи бўлди. Бироқ у ердагилар бу масала бўйича шарҳ беришдан бош тортдилар.


Мария Леглер 2017 йил 4 июнь куни имзо тўплаётган пайти. Фото © Фарғона

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги медицина коллежи талабаси Жасурбек Ибрагимовнинг ўлдирилиши жорий йил ёзининг бошланишида кенг жамоатчилик орасида норозилик кайфиятини келтириб чиқарди. Ҳалок бўлган ўспириннинг қариндошлари Жасурбекни бир неча киши калтаклашган деб билдирдилар. Бироқ терговда гумонланувчи ва судда айбланувчи сифатида фақат бир киши – Ислом Тўлаганов қора курсига ўтирди. Айни пайтда уни олти йилга озодликдан маҳрум этдилар, у жазони умумий тартибдаги колонияда ўтади.

Ҳукм ўқилганидан бир неча кун ўтиб Исломбек Тўлаганвонинг адвокатлари суд ҳукмидан норози эканлиги маълум бўлди. Улар апелляция шикояти ёзиб, фожиага калтакланиб ўлган Жасурбек Ибрагимовнинг ўзи айбдор деб билдиришмоқда.

Апелляция инстанциясининг биринчи суд мажлиси 1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги