18:21 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган энг юқори нархлар чегаралаб қўйилди

20.11.2017 00:59 msk

Фарғона

Тошкент бозорларида 1 ноябрдан 30 ноябргача баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига чекловлар амал қилади. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усманов имзолаган тегишли ҳужжатни “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Потребитель.уз” ҳамжамиятига топширди. Ҳамжамият обуначиларни ушбу фармойиш ижроси устидан назоратни амалга оширишда иштирок этишга чақирди.


Ҳужжатга кўра, картошканинг нархи 3000 сўмдан, пиёз – 2000 сўмдан, сабзи – 1500 сўмдан, “аланга” навли гуруч – 3600 сўмдан, “лазер” навли гуруч – 6500 сўмдан, мол гўшти – 33000 сўмдан, қўй гўшти – 34000 сўмдан, товуқ гўшти – 18000 сўмдан ошмаслик керак. Оқ амур, сазан балиқларининг нархи 15000 сўмдан, толстолобик – 8000 сўмдан ошмаслик керак. Бир дона тухумнинг нархи 500 сўм билан чегаралаб қўйилди.

Ўзбекистон Марказий банки октябрь ойининг охирида иқтисодиётнинг 2017 йил 9 ой бўйича статистикани эълон қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, мамлакатда инфляция даражаси 7.8%, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига – 7.6 фоизни ташкил этган. Тошкент бозорлари учун белгиланган нархлар инфляциянинг ушбу даражасига мос келади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги