18:13 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ичимлик сувига нарх кўтарилади, сув таъминоти ҳисоби билан бош прокуратура шуғулланади

20.11.2017 00:55 msk

Фарғона

Сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш билан энди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) шуғулланадиган бўлди. МИБ, шунингдек, сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлашга ҳам масъул бўлади.


Ўзбекистон, Янгиёр. “Сувга”. Фото © Алексей Волосевич/Фарғона

Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилмоқда. Фармон мамлакатнинг бош ахборот агентлиги ЎзА сайтида чоп этилган.

Давлат раҳбари фармони билан шунигдек, 2018 йил 1 январидан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга ошириладиган тартиб жорий этилади. Акс ҳолда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади.

Фармон Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига 2017 йил 1 декабрга қадар муддатда туман(шаҳар)лар кесимида 2017 йил 1 ноябрь ҳолатига сув таъминоти ва сув чиқариш хизматидан қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг шахсий рўйхатини, шу жумладан истеъмолчи – юридик шахслар билан қарздорликни таққослаш бўйича мавжуд далолатномаларни Бюрога тақдим этиш вазифасини топширади.

Аҳолига ва корхоналарга сотилган сувдан тушган пул маблағлари бундан буён ягона банк ҳисобрақамларига келиб тушади. Президентга кўра, янги тартиб тушумларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш ва пул маблағларининг ҳаракатини мониторинг қилишни таъминлаш имкониятини беради.

Ўзларининг тўғридан-тўғри вазифаларини бажара олмаган назоратчилар икки ой муддат ичида ишдан бўшатилади, уларнинг функциялари эса прокуратура қошидаги бюрога ўтказилади.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январидан бошлаб сув таъминоти хизматига янгиланган тарифлар жорий этилади. Яъни, сув нархи ошади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги