12:40 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда диндорларнинг оммавий қўлга олишлар бўлиб ўтди. Уларнинг уйларида тинтувлар ўтказилди

20.11.2017 00:54 msk

Фарғона

Тошкент шаҳри ва вилоятнинг Зангиота туманида ўтган уч кун давомида 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 79 нафар аёл ва эркак диндорлар қўлга олинди. Уларни Зангиота ИИБга олиб келиниб 8 соатлик савол-жавобдан сўнг қўйиб юборилган. 7 киши ҳамон ҳибсхонада қолмоқда. Ушланганларнинг айримлари калтаклангани айтилмоқда.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) раиси Сурат Икромов “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, бир кун олдин ЎМҲҲТГ офисига бир гуруҳ аёллар мурожаат қилиб, Зангиота ТИИБ ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари 14 ноябрь эрта тонгдан бошлаб уларнинг уйларига бостириб кириб тинтув ўтказдилар, протоколлар туздилар ва шу билан бирга, протокол нусхасини уй эгаларига бермадилар. Ички ишлар ходимларининг ҳаммаси формасиз бўлган.

Аёллардан бирининг айтишича, улардан 2008 йилдан бери конституциявий тузумга тажовуз ҳамда диний ээестремистик ва сепаратистик тақиқланган ташкилотлар тузиш ёки иштирок этиш айби билан қидирувда бўлган аёл қариндоши ҳақида сўроқ қилишган.

Қўлга олинган бошқа аёл – Дилдора Аъзамованинг уйида бир куннинг ўзида уч марта тинтув ўтказилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари унинг 23 ёшли ўғли Насруллоҳни қўлга олиб, ИИББда калтакладилар. Аёлнинг эри Файзулло Аъзамов 2001 йилдан бери диний эътиқоди учун қамоқ жазосини ўтаб келмоқда. 2014 йилда унг яна 16.5 йил қўшиб бердилар. Унинг укаси (акаси) Шукрулло Аъзамов ҳам диний мотивларга кўра қамалган, 2006 йилда шавқатсиз қийноқлар натижасида Тошкентдаги “Сангород” касалхонасида жони узилган.

Қўлга олинганларни 16 ноябрь куни соат 20 атрофида уйларига қўйиб юбордилар, фақат бешта эркак ва икки аёл Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторида қолди.

Сурат Икрамов маълум қилишича, сўнгги кунларда ЎМҲҲТГ га МХХнинг “қора рўйхати”га тиркалган диндорларнинг қўлга олинаётгани тўғрисида қариндошларидан шикоятлар келиб тушмоқда. Июнь охирида Шавкат Мирзиёев ушбу рўйхатни қайта кўриб чиқиш ҳамда ундан асоссиз айбланган фуқароларнинг номини ўчириб ташлаш бўйича топшириқ берганди. Баъзи маълумотларга кўра, бу рўйхатга 16 минг кишининг номи киритилган. Ўзбекистон расмийлари август ойида бир неча минг кишининг “қора рўйхатдан” ўчирилгани ҳақида билдиргандилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги