15:50 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳибсга олинган ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокатига мижози билан кўришишга рухсат олиш учун 1.5 ой вақт керак бўлди

16.11.2017 00:13 msk

Фарғона

Бобомурод Абдуллаев
Ўзбекистонда конституциявий тузумни ағдаришга уринишда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинганидан бир ярим ой ўтиб ўз адвокати билан кўриша олди. Тўлқин Орифжанов 14 ноябрь куни МХХ тергов изоляторида сақланаётган мижози билан бир соатга яқин вақт давомида суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди. Суҳбат чоғида журналист алвокатга ҳеч қандай шикояти йўқлигини маълум қилди, дея хабар беради “Озодлик” Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳининг раиси Сурат Икромовга таянган ҳолда.

Унга кўра, 13 ноябрь куни махсус хизмат ходимлари адвокат Тўлқин Орифжоновга телефон қилиб, унга мижози билан кўришиш мумкинлиги ҳақида маълум қилишган. “Мен ҳозиргина адвокати билан гаплашдим, унга қўққисдан қўнғироқ қилиб, келинг, дейишибди. Бориб Бобомурод Абдуллаевни кўриб чиқибди, ҳеч қанақа қийноқ белгилари йўқ, дейди. Абдуллаев ҳам шикояти йўқлигини айтибди. Ҳозирча бор гап шу, - деди Суръат Икромов 14 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Ҳуқуқ ҳимоячига кўра, Ўзбекистон махсус хизматлари Бобомурод Абдуллаев билан адвокатининг учрашувига халқаро ташкилотлар босим қилишгани учун рухсат беришган. “Энди уни кўрсатишмаётгани учун ҳар хил гаплар чиқиб кетди. Ижтимоий тармоқларда уни қийнаб ўлдиришди деган таминлар ҳам айтилди. Адвокатини айтишича, хавфсизлик хизматлари Абдуллаевнинг комьпютеридаги маълумотларни экспертизага берган, шунинг учун тергов чўзилаётган экан”, - дейди Суърат Икромов.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаевни 27 сентябрь куни Ўзбекистон МХХ ходимлари қўлга олиб тергов изоляторига жойлаштиришган. Бироқ бу ҳақда унинг яқинлари икки кундан сўнг билганлар. Ўшанда Абдуллаевнинг уйига тинтув қилгани келиб, процессор, китоблар, дисклар ва флеш-карталар мусодара қилинган. 1 октябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди. Журналист расман 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Пен клуб, Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиқди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги