13:00 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда бензин нархи ошди

16.11.2017 00:12 msk

Фарғона

Ўзбекистонда бензин ва бошқа турдаги ёқилғининг нархи ўртача 35 фоизга ошди. Маълум бўлишича, ёқилғи нархининг ошиши 14 ноябрь куни президент томонидан қабул қилинган “Ёнилғи-энергетика ресурслари ва бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш соҳасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмол ва талон-тарожликлар учун шарт-шароитларни бартараф этиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарздорликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда ёқилғи-энергетика ресурсларига жаҳон нархларининг ўсишини инобатга олган ҳолда амалга оширилди.

Ҳужжатга мувофиқ бир литр АИ-80 бензининг янги нархи 3800 сўм (ошгунга қадар 2800 сўм эди), АИ-91 – 4300 сўм (3000 сўм) этиб белгиланган. Оддий ва ЭКО русумидаги дизель ёқилғиси 4100 ва 4200 сўмдан сотилади (расмий курс бўйича бир АҚШ долларининг нархи – 8069 сўм). Янги нархлар республиканинг барча ёқилғи қуйиш шохобчаларида амал қилади.

Шу билан бирга, қарорда қайд этилишича, Аи-92, Аи-93, Аи-95 ва Аи-98 ҳамда европа сифат стандартларига мувофиқ келадиган дизель ёқилғиси Ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали эркин тижорат нархларида сотилади.

Худди шу қарорда 2018 йил 1 апрелидан табиий газга 1.1 баробар ва электр энергияга 1.12 баробарига нархлар кўтарилиши белгиланган.


Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарорининг нусхаси. “Водители Ташкента” Телеграм ҳамжамиятидан олинган фотосурат

“Ўзбекнефтегаз” компаниясидаги “Спутник” манбаси маълум қилишича, нархлар республикда бензин тақчиллигини тугатиш ҳамда чайқовчиларни йўқ қилиш мақсадида кўтарилган.

Қайд этамиз, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари доим бензин тақчиллигидан азият чекиб келади. “Ўзбекнефтегаз” компаниясидагилар тушунтиришича, вилоятларга ёқилғи бир ойда икки матра етказиб берилади ва оқибатда вилоятдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида тақчиллик пайдо бўлади. Бундан олиб сотарлар фойдаланадилар, улар пойтахтда бензинни сотиб олиб, вилоятларда оширилган нархларда сотадилар. Мисол учун, Бухорода чайқовчилар бензинни бир литрини 5000-5500 сўмдан сотадилар, дея хабар беради UzNews.

“Ўзбекистон 24” телеканали орқали вилоятлардаги бензин етишмовчилиги тўғрисида репортаж намойиш этилди, айтилишича, тақчиллик Тошкентдан 50-100 чақирим масофада сезила бошлаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сўнгги бор бензин 2016 йил октябрда ошган. Ўшанда ҳам нархлар 30 фоиздан юқорига кўтарилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги