20:36 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Номаълум шахслар Тожикистон социал-демократлар партияси лидерини “падарлаънати ўзбак” дея ҳақоратлаб калтакладилар

15.11.2017 10:42 msk

Фарғона

Раҳматилло Зоиров
Тожикистон Социал-демократлар партияси етакчиси Раҳматилло Зоиров номаълум шахслар томонидан ҳужумга учради. Таниқли сиёсатчига ҳужум 9 ноябрь куни кечқурун Душанбеда сиёсатчи уйи яқинида ити билан сайр қилиб юрган бир вақтда юз берди. Бу ҳақда жабрдийданинг ўзи маълум қилди.

Сиёсатчига кўра, Душанбедаги 103-микрорайонида кўприк устида уни номаълум шахслар кутиб турган ва калтаклаган. Ҳужум оқибатида у ўнг қўлининг иккита бармоғини яралаган. Раҳматилло Зоировнинг айтишича, ҳужум қилганлар билан мутлақо таниш бўлмаган ва бу ҳодиса ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлиқлигига ишонишини таъкидламоқда.

ТСДП етакчиси юз берган ҳодиса ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум қилди ва терговчиларнинг саволларига жавоб берди.

Ҳодиса юзасидан батафсил маълумот берган Зоировнинг айтишича, аввалига унинг ёнига 35-40 ёшларда бўлган аёл келган. «У менга қараб бақирар экан, шаънимга қарата, «Садқаи мусалмон шав, бенамозу ноинсоф, узбаки падарлаънат» («ҳайф сенга мусулмонлик, беномозу ноинсоф, падарлаънати ўзбек») деди. Шундан сўнг 28-30 ёшлардаги йигит келиб, «Ту Зойирови ватанфуруш, хоини миллат, боз ба чумхури баргашта кори сиёҳи худро давом медиҳими?» «сен Зоиров ватанфуруш, миллат хоини, республикага фитна уюштириш учун яна қайтиб келдингми?” дея бақирди. Учинчи одам эса ортимдан келди ва бошимга темир билан урмоқчи бўлди, мен ўнг қўлим билан ҳимоя қилишга улгурдим».

У тиббий ёрдам сўраб яқин атрофдаги клиникага мурожаат қилди. Номаълум шахсларнинг мухолифатдаги партия етакчисига қилган биринчи ҳужуми эмас. Тўрт йил муқаддам партия йиғилиши вақтида шаллақи аёлларнинг бир гуруҳи бинога бостириб кирди ва Зоиров ҳамда унинг тарафдорларини Тожикистондаги сиёсий вазиятни беқарорлаштиришда айблашди.

Раҳматилло Зоиров ТСДПга партия ташкил этилган 1998 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади.

Зоиров ўзи ҳақида шундай деганди: «Мен тожикман, Жанубий Қозоғистонда туғилганман, Ўзбекистонда улғайганман, меҳнат қилиб Россияда чиниқдим, ҳарбий хизматни Германияда ўтадим, Украинада ўқидим, энди бўлса Тожикистонда яшаяпман ва ишлаяпман. Ўзбекистонда ўсиб улғагани боис интернетдаги фейк персоналар унга кўп маротаба “ўзбекларнинг жосуси” дея ҳақорат қиладилар. бироқ Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бирор марта ҳам сиёсатчининг шаънини булғаган “мағзава” мақолаларга бирор маротаба ҳам ўз муносабатини билдирмадилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги