18:00 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўмурбек Бабанов парламент фракцияси етаккчиси лавозимини тарк этди

15.11.2017 10:37 msk

Фарғона

Ўмурбек Бабанов
Ўмурбек Бабанов «Республика – Ата-Журт» фракцияси етакчиси лавозимини тарк этди. Мазкур фракция депутати Алиярбек Абжалиевнинг маълум қилишича, бу борадаги қарор 13 ноябрь куни фракция йиғилишида қабул қилинди. Бабановнинг ўзи фракция етакчиси лавозимидан кетиши ҳақида ариза бергани айтилмоқда.

Ўз мактубида Бабанов “ижтимоий-иқтисодий сиёсат ўзгариши ва қонун лойиҳаларини ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишда “Республика” партияси парламентдаги «Республика - Ата-Журт» фракциясининг иши жипсланган ва интенсив олиб борилиши” кераклигини таъкидлаган. У парламент фракцияси етакчиси лавозимидан кетиш борасидаги ўз қарорини шундай изоҳлади.

«Республика – Ата-Журт» фракцияси раҳбари Омурбек Бабанов президент сайловида иштирок этди ва овоз бериш натижаларига кўра иккинчи ўринни олди.​

Сайловолди кампанияси вақтида Ўмурбек Бабанов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Бу учрашув давлатнинг ички ишларига аралашиш дея баҳоланди, ҳамда Остона ва Бишкек ўртасидаги қарама-қаршиликларга сабаб бўлди. Шундан сўнг Интернетда Бабановнинг Ўшдаги асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган «Амир-Темур» (Ўн-Адир) микрорайонида аҳоли билан бўлиб ўтган учрашувидаги нутқидан парчалар пайдо бўлди. Бабановнинг гаплари айрим фуқаролар томонидан фитна уюштириш сифатида баҳоланди. Сиёсатчини жавобгарликка тортиш керак деган чақириқлар пайдо бўлди.

4 ноябрь куни Бош прокуратура парламент депутати Ўмурбек Бабанов ва бошқа шахсларга нисбатан “Конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришга ошкора чақириқ” , “Миллий, ирқий ёки диний нафрат уйғотиш” моддалари бўйича жиноий иш очди.

Омурбек Бабанов айни дамда хорижда. Бабановнинг қайси давлатда экани айтилмаяпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги