21:47 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ҳисоблагичларни алмаштиришга кетадиган харажатларни қоплаш учун газ ва электр энергиясига нархни кўтарадилар

15.11.2017 10:36 msk

Фарғона

Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб энергия ресурслари истеъмолчилари учун инвестициявий устама нарх жорий этилади: 1 кВт/соат электр энергияси учун 15 сўм ва бир кубометр табиий газ учун – 17 сўм. Зарурат туғилганда устама нарх индексация қилинади. Шунақа йўл билан тўпланган маблағни Ўзбекистон расмийлари мамлакатда электр энергияси ва табиий газ газорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимларини (ЭҲНАТ) жорий қилиш бўйича лойиҳа доирасидаги харажатларини қоплашни истамоқдалар. Бу ҳақда президенти Шавкат Мирзиёевнинг 13 ноябрь куни имзолаган қарорида сўз юритилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон расмийлари “Sagemcom” (Франция Республикаси), “Elster GmbH” (Германия Федератив Республикаси), “Landis & Gyr” (Швейцария Конфедерацияси) компаниялари ва “Toshelectroapparat” МЧЖ Хусуий корхонасидан (Ўзбекистон Республикаси) икки миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техник воситаларини сотиб оладилар. Дастлаб ҳисоб ускуналарини сотиб олиш ва ўрнатишга пулни Ўзбекистон Реконструкция ва ривожланиш фонди, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” тўлайди. Шундан сўнг Фонддан жалб қилинган маблағлар ва бошқа харажатлар истеъмолчилардан ундириладиган устама нарх эвазига қопланади. Назарий жиҳатдан, мазкур устама тўловоларини амалга ошираётган фуқароларда инвестициявий дастур натижаларига эгалик ҳуқуқи пайдо бўлиши керак эди. Бироқ амалда ушбу ҳуқуқдан қандай фойдаланиш мумкинлиги тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Президент қарорида истеъмолчидан давлат кўригидан, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни ўтказиш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ маблағлари ҳисобидан бошқа кўрикдан ўтган ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилиши ҳақида гапирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига шарҳда тан олинишича, ҳозирги кунда назорат ва ҳисобга олишнинг самарали тизими мавжуд эмаслиги сабабли электр ва газ таъминоти корхоналари фаолиятида доимий ошиб борувчи қарздорлик юзага келишига, энергия ресурслари етказиб беришда мунтазам узилишларга ва тармоқ корхоналарининг оғир молиявий аҳволига олиб келган кўплаб жиддий камчиликлар тўпланиб қолган. Электр ва газ таъминоти корхоналари назоратчиларининг ҳаракатсизлиги ҳамда улар ўртасида суиистеъмолчилик ҳолатларининг кенг тарқалганлиги юзага келган вазиятнинг асосий сабаблари ҳисобланади. Қарздорликнинг йирик миқдори ва уни ундириш учун зарур ходимларнинг мавжудлигига қарамасдан, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ корхоналари томонидан етарли даражадаги ундирув таъминланмаган.

Масалан, энергия ресурслари абонентлари умумий сонининг атиги 2,6 фоизи ЭНҲАТда ишлайдиган электр энергиясини ҳисоблаш ускуналари билан жиҳозланган, 40 фоизи ташқи таъсирдан ҳимояланмаган эскирган ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланади, 48 фоизи ЭНҲАТга мос келмайдиган турли модификациядаги ҳисоблаш ускуналарига эга, шунингдек, 9,4 фоизида энергия ресурсларини ҳисоблаш ускуналари мавжуд эмас.

Таъкидлаш керакки, фақат охирги 2 йилда реал кўрсаткичларни юқори даражада (20 фоизгача) бузиб акс эттирадиган 24,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги 410 мингдан ортиқ эскирган ҳисоблаш ускуналари мамлакатга олиб кирилган. Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида қарор билан бундан буён республика ҳудудига лойиҳанинг техник параметрларига мос келмайдиган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни олиб кириш тақиқланди. Расмийлар республикадан ўз ҳисобга олиш ускуналарини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш ускуналарининг давлат кўриги “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ҳар 10 йилда амалга оширилади, ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш эса “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Бюро томонидан таъминланади.

Ушбу ҳужжат қарздорларни қайта табиий газ таъминотига улаш учун энг кам иш ҳақининг икки баробар миқдорида тўлов ундириш, истеъмолчиларга табиий газ ҳисоблагчиларини “Ўзтрансгаз” ҳисобига ўрнатиш ҳамда газ таъминоти объектларини хусусий операторлар топширишни кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2907-сон қарорини бекор қилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги