19:08 msk, 22 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси қайта очилди

09.11.2017 10:31 msk

Фергана.Ру

Филипп Беннет
Тошкентда 8 ноябрь куни Ўзбекистон Банклар ассоциацияси биносида Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонасининг очилди, дея хабар беради “Газета.Uz”.

ЕТТБ офисининг биринчи куниёқ умумий қиймати $120 млн бўлган кредит битимлари ҳамда Наманган ва Хоразм вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида сув ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга оид қиймати қарийб 215 миллион АҚШ долларлик бешта ҳужжат имзоланди.

“Биз қисқа муддат ичида Ўзбекистондаги фаолиятимизни кенгайтиришга интиляпмиз, - деди ЕТТБ вице-президенти Филипп Беннет. – Гап биз кўриб чиқиш ва имзолаш учун тайёрлаб қўйган қўшимча 15 та лойиҳа ҳақида кетмоқда. Келгуси 12 ой ичида биз турли соҳаларда – хусусий сектор, кичик ва ўрта бизнес, тижоратлаштириш масалаларида кенг кўламли ишларни амалга оширишимизга тўғри келади”.

Яна бир йўналиш – “қайта тикланувчи энергия, ва биз албатта бу йўналишда стратегик кўламларда иш олиб борамиз”.

Беннет ЕТТБ ходимлари Ўзбекистонга тез-тез келиб турадилар, деб айтди. Мисол учун, 2018 мартда Тошкентга мазкур банкнинг ижрочи директори ташриф буюради.


ЕТТБ офиси Ўзбекистон Банклари ассоциацияси биносида жойлашди. Фото Advantour.Com

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ 1991 йилдан 2007 йилгача Ўзбекистонда 54 та лойиҳага 823 млн еврога эквивалент бўлган миқдордаги маблағни инвестиция қилди. 2003 йилда ЕТТБ ўзбекистонлик шерикларини авторитарлик, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда изчилликдан чекиниш, сўз эркинлиги йўқлиги ва турмаларда қийноқлар қўлланаётгани боис танқид қилди. Банк Ўзбекистон раҳбариятини мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий аҳволни яхшилашга чақирди. 2007 йилда ЕТТБ ўзбек тузилмаларига сўнгги кредитини берди ва шундан сўнг Ўзбекистон билан ишбилармонлик алоқалари амалда музлатиб қўйилди. Каримов ўлиб, Шавкат Мирзиёев президентликка сайланиши биланоқ ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик тиклана бошлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги