05:43 msk, 21 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Пахтакор” футбол клуби қандайдир сирли хорижий компанияга сотиладиган бўлди

01.09.2017 11:25 msk

Фергана

“Пахтакор” футбол клубининг устав жамғармасидаги 80% улуши “SFI Management Group” ХК МЧЖ хорижий компаниясига сотилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21.08.2017 йилдаги ПҚ-3227-сон “Пахтакор” футбол клубининг моддий-техник базасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида айтилмоқда, дея хабар беради 31 август куни “Норма.Uz”


“Пахтакор” стадиони, Тошкент

Улуш “ноль” харид қийматида сотилади, 20%и эса пойтахт ҳокимлигида қолади. Бунда инвестор бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлашни амалга ошириши, уларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқ келтириши шарт. Инвестиция мажбуриятларининг умумий ҳажми – камида 200 млрд сўм бўлиб, улар бизнес-режаларга мувофиқ 5 йил мобайнида амалга оширилади.

Инвестор фақат ўзига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажаргандан кейин устав жамғармасидаги ўз улушини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади. Унгача инвесторнинг сотиб олган улушига бўлган ҳуқуқи “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” қайди билан мулк ҳуқуқига сертификат билан тасдиқланади.

Шунингдек, ҳужжат билан айрим ташкилий масалалар тартибга солинган ҳамда «PAXTAKOR» футбол клуби» МЧЖга ва у томондан жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга имтиёзлар тақдим этилган.

Фкутбол клуби 2023 йил 1 январгача барча солиқлардан ҳамда давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан озод этилади.

2017 йил баҳорида оммавий ахборот воситаларида россиялик миллиардер Алишер Усманов “Пахтакор”га эгалик қилувчиларга шерик бўлгани ттўғрисида хабарлар пайдо бўлди, бироқ футбол клуби бу хабарларни ҳақиқатдан йироқ деб атади.

“SFI Management Group” компанияси ва унинг қаерда жойлашгани тўғрисида ҳозирча деярли ҳеч қанақа маълумотлар йўқ.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги