05:07 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон 1990-йиллардаги шов-шувли қотилликларда Эронни айблаб чиқди

09.08.2017 11:43 msk

Фарғона

Тожикистон 8 август, сешанба куни 1990-йиллардаги фуқаролар уруши даврида содир этилган шов-шувли қотилликлар, жумладан Тожикистон парламентининг собиқ раиси Сафарали Кенжаевнинг 1999 йилдаги ўлдирилиши, Эрон томонидан қўллаб-қувватлангани борасида баёнот берди.

Тожикистон давлат телевидениеси орқали намойиш этилган 45-дақиқали ҳужжатли фильмда Тожикистон ИИВ раҳбари Теҳрон Тожикистонда фуқаролар уруши аланга олишидан манфаатдор бўлганини ва гўёки Тожикистон Ислом партиясини молиявий қўллаб-қувватлаганини ва Эрон ҳудудларида бу партия учун жангариларни тайёрлаб берганини билдирди.

Вазирлик маълумотларига кўра, молиявий ёрдам ва қотиллик борасидаги кўрсатма Ислом партияси жангариларига Хожи Ҳалим Назарзода орқали берилган. Ички ишлар вазирнинг собиқ ўринбосари бўлмиш бу шахс 1990-йилларда Ислом партиясининг қўмондонларидан бири бўлган эди. Назарзода 2015 йилнинг ноябрь ойида исёнга бўлган уринишни бостириш мақсадида Душанбе яқинида ўтказилган махсус амалиёт мобайнида ўлдирилган эди.


Тожикистон телевидениеси намойиш этган фильмдан бир кадр

1997 йилдан 2004 йилларга қадар Тожикистонда бир қатор жамоатчилик намояндалари ўлдирилган эди. Тожикистон ва Эрон ўртасидаги кескинлик авваллари ҳам кузатилган, бироқ намойиш этилган ҳужжатли фильмда илк бор Душанбе очиқчасига Эронни 20 йил муқаддам содир этилган сиёсий қотилликларни уюштириш ва молиялашда айбламоқда.


Қўлга олинган Тағоймурод Ашрапов Сафарали Кенжаевга суиқасд қандай уюштирилгани ҳақида сўзламоқда

Ўз навбатида фильм намойиш этилганидан сўнг, Эрон элчихонаси тожикистон томонга мурожаат қилиб, тушунтириш берилишини талаб қилди. Эрон дипломатик ваколатхонасининг матбуот хизмати 9 августи куни “айни дамда Эроннинг Тожикистондаги элчиси мамлакат ташқарисида экани, элчихона раҳбарияти яқин орада мазкур фильмнинг намойиши билан боғлиқ масалани муҳокама қилиши” хақида маълум қилди. "Биз, бу каби ёлғон маълумот қаердан пайддо бўлгани ва унинг манбасини ойдинлаштиришимиз керак” дейилади элчихона хабарида.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама