01:11 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон ИИВ: аёлларни ҳижобда юрганлиги учун жаримага тортишмайди

08.08.2017 20:30 msk

Фарғона

Тожикистон Ички ишлар вазирлигида ҳижобда юрадиган аёлларга йирик жарима солиниш хавфи борлиги ҳақидаги хабарни рад этишди.

Идора матбуот хизматининг раҳбари Умаржони Эмомали 7 август куни билдиришича, милиция ходимлари ҳеч кимни бегона кийимлар, жумладан ҳижоб, шунингдек, ”беадаб” кийимлар кийиб юргани учун жаримага тортмайди. «Ҳозир тушунтириш ишлари кетмоқда – ҳукумат вакиллари фақат аёлларга ҳижоб, чодир, саллалар кийиб юриш- тожик халқининг анъаналарига бегона эканлигини эслатмоқда», - деди у.

Шу кунларда «Азия плюс» агентлиги Душанбеда одамлар кўп тўпланадиган жойларда ҳижобда юрган аёлларга нисбатан “рейд”лар ўтказилаётганини хабар қилганди. Шоҳмансур бозоридаги сотувчи аёллар агентликка “уларга тушунтириш ўтказилмагани, балки улар ҳижобни ечмаса ва рўмолни боши ортидан ўраб боғламаса, жарима солиниши, боз устига, анча катта – бир минг сомонигача жарима солиниши билан таҳдид қилингани”ни айтишди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Хотин-қизлар ишлари қўмитаси раисининг ўринбосари Марҳабо Олимий таъкидлаганидек, ҳукумат тожикларнинг миллий маданияти ва динига зид келувчи бегона кийимлар ва “беадаб” уст-бошга қарши кураш бошлаган. “Беадаб” деганда ярим яланғоч кийим ва декольте тушунилади, деб изоҳ берди Марҳабо Олимий.

У қўмита мутахассислари бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда яқин орада тожик маданияти ва анъаналарига мос келадиган кийимлар намуналарини тайёрлашини ҳам хабар қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги