05:07 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Каримова иши: Озодликни чеклаш – қамоқ дегани эмас

31.07.2017 09:52 msk

Фарғона

Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июль куни тарқатган хабарида мамлакат биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова суд томонидан беш йилга озодликдан чеклаш бўйича ҳукм қилинганини маълум қилганидан сўнг оммавий ахборот воситаларида муаллифлари озодликни чеклаш жазоси нимани англатишини тушунмайдиган турли хабарлар пайдо бўлди.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун биз Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 48-1 моддасини келтирамиз:

“Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.

Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.

Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:

- муайян жойларга бормаслик;

- оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;

- муайян фаолият билан шуғулланмаслик;

- муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;

- транспорт воситасини бошқармаслик;

- маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;

- муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;

- алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;

- алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.

Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.

Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарномасига кўра, Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Г.Каримовага айблов иш бўйича тўпланган далиллар, шу жумладан, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 14 та фирма ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари асосида эълон қилинган.

Қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ долл., 26,1 млн. евро (миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўм)ни ташкил этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама