14:07 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Гулмурод Халимовнинг қизи ҳаётлари азоб-уқубатга айланганини билдирмоқда

19.05.2017 20:12 msk

Фарғона

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси (ОМОН)нинг собиқ қўмондони ва “Ислом Давлати” террор гуруҳининг ҳарбий вазири Гулмурод Ҳалимовнинг қариндошлари сўнгги йилларда турмушлари "хақиқий азоб-уқубат"да эканлигини тан олишди.

Гулмурод Халимовнинг биринчи рафиқаси ва тўрт фарзанди Варзоб туманидаги тоғли Дараи Фони қишлоғида истиқомат қилади. Унинг катта қизи Нилуфар Халимова 9-синфда ўқийди. Қизнинг айтишича, 2015 йилда отаси Сурияга кетганидан сўнг, уйларига ҳар куни турли идораларнинг вакиллари келиб, сўроққа тутишган.

«Биз хамон қўрқувдамиз. Хозир бизга ҳам руҳий, ҳам молиявий жиҳатдан жуда ҳам оғир», - дейди Халимова. Унинг сўзларига қараганда, махсус хизматлар томонидан апрел ойида 18-ёшли акаси Беҳруз Гулмуродов “отасининг ёнига Сурияга кетишга тайёргарлик кўргани” баҳонасида хибсга олинганидан кейин аҳволлари янада оғирлашиб кетган.

Ҳалимовнинг биринчи рафиқаси Назокат Муродованинг айтишича, хисбсга олинган ўғли билан учрашиш борасидан берган илтимоси чоршанба куни рад қилинган. “Мен бир неча бор ўғлим билан учрашувга рухсат беришларни сўрадим, аммо ҳар гал рад жавобини беришди. Ҳамон унга қандай айб қўйилганини билмаяпман. Ҳеч ким ўғлимнинг нима сабабдан ҳибсга олинганини тушунтириб бермаяпти”, - деди Назокат Муродова.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси собиқ полковниги Гулмурод Ҳалимов ҳарбий снайпер бўлиб, 2003-2014 йилларда Американинг машқ марказларида терроризмга қарши кураш услубларидан сабоқ олган. Халимов 2015 йилнинг апрель ойида йўқолиб қолган ва бир ойдан сўнг Сурияда пайдо бўлган. Ўтган йилнинг ёз ойларида Ислом Давлатининг ҳарбий вазири вазифасини бажариб турувчи Гулмурод Халимовнинг қаердалиги хақида хабар берганларга АҚШ 3 миллион доллар миқдорида мукофот беришга ваъда берган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги