03:32 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистонда 50 нафар талаба Саудия Арабистони олий таълим муассасаларига бора олмаяпти

15.05.2017 20:02 msk

Фарғона

Саудия Арабистонининг Тожикистондаги элчихонаси ходимларининг сўзларига қараганда, тожик талабаларининг подшоҳликда таълим олиш масаласи ҳамон кўриб чиқиш жараёнида турибди.

Ўз номини ошкор қилишни истамаган талабалардан бирининг айтишича, 2016 йилнинг август ойида Тожикистон Таълим ва Фан вазирлигида конкурс бўлиб ўтган ва шу йилнинг январь ойида Ар-Риёдга кетиши керак эди. Орадан беш ой ўтган бўлишига қарамай ҳамон жавоб олмаган.

Тожикистон Таълим ва Фан вазирлиги Халқаро дастурлар Маркази директори Исматулло Шодиевнинг айтишича, мазкур масалани ҳал қилиш 9 ойга чўзилиб кетган. «Саудия Арабистони 50 нафар тожик талабасининг ҳар бирининг шахсини алоҳида ўрганди ва подшоҳликка бориш учун рухсат берди. Бу масала Тожикистон ташқи ишлар вазири ва Саудия Арабистоннинг Душанбедаги элчиси томонидан ҳам мухокама қилинган. Бироқ, ҳозирча, талабаларнинг қачон ўқишга жўнаб кетиши аниқ эмас», -деди Шодиев.

Саудия Арабистоннинг Тожикистон Республикасидаги элчиси Абдулазиз бин Муҳаммад Албоди «бу масала бўйича олдинга силжиш бўлгудек бўлса у ҳолда тожик томони ўз вақтида хабардор қилинади»,- деди.

2017 йилнинг январ ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Саудия Арабистонига ташрифи чоғида Подшоҳлик томонидан тожик талабаларининг дунёвий университетларда таълим олишлари учун квота ажратилишига эришилган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама