10:14 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Украина: Каримовнинг қайинжияни яна тергов изоляторига қайтарилди

12.05.2017 19:07 msk

Фарғона

Киев Апелляция суди Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хоними Татьяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаевни экстрадиция текшируви давомида уй қамоғидан вақтинчалик сақлаш изоляторига қайтариш ҳақидаги прокуратура сўровини қондирди.


Акбарали Абдуллаев. Comments.ua сайтидан олинган фотосурат

Киев шаҳар прокуратураси матбуот котиби Надя Максимец апелляция суди прокуратура шикоят аризасида келтирилган хавотирларни асосли деб топганини билдирди. Абдуллаев суд залидан тергов изоляторига қайтарилди.

Аввалроқ суд қарорига биноан Абдуллаев уй қамоғига ўтказилган эди ва «Козин» қишлоғида ёки Форт Росс ва Киев «рублёвкаси» деб аталмиш жойда бўлиши керак эди.

33 яшар Акбарали Абдуллаев Ўзбекистонда ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилишда, чет эл валютасини яширишда, мансаб сохтакорлигида ва жиноий фаолиятдан олинган даромадни яшириш жиноятларида айбланмоқда. У 2013 йилда шахсан Ислом Каримов буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йилда дастлаб 15 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра жазо муддати 6 йилу 6 ой этиб белгиланган эди. Абдуллаев қамалишидан икки ярим йил ўтиб¸ шартли озод этилган, бироқ Каримов 2 сентябрда вафот этишидан кўп ўтмай, мамлакатдан яширинча чиқиб кетган.

У жорий йилнинг 14 январида Киевнинг халқаро «Жуляни» аэропортида самолёт қўниши билан қўлга олинган. Унинг ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон паспортлари топилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама