16:49 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: Петербургда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг 10 нафар фуқароси террорчиларни ёллагани учун ҳибсга олинди

19.04.2017 09:16 msk

Фарғона

Санкт-Петербургда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ўн нафар фуқароси террорчиларни ёллашда гумон билан икки ойга ҳибсга олинди. Уларнинг саккиз нафари 7 апрель куни ва яна икки киши 16 апрель куни қўлга олинганди. Уларнинг ҳаммасига Россия Жиноят кодексининг 205.1 моддасининг 1 қисмида кўзда тутилган (“Террорчилик фаолиятига кўмак бериш”) жиноятлар бўйича айблов қўйилмоқда. Улар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилишлари ҳамда 500 минг рубль миқдорида жаримага тортилишлари мумкин.

Санкт-Петербург шаҳар Октябрь райони суди матбуот хизматининг маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Жўрабек Муратов ва Феруз Инақов, Қирғизистон фуқаролари Баходир Мадрахимов, Шухрат Сатымбаев, Атабек Рустамов, Азизбек Рустамов, Ойбек Уулу Исламбек, Искандер Нурбаев, Айжигит Айтматов 4 июнгача қамоққа олиндилар. Қирғизистоннинг яна бир фуқароси Обид Абдыраимов 13 июнгача ҳибсга олинган.

“Қўлга олинганлар Россияда, хусусан, Петербург ва Ленинград областида терактларни амалга ошириш ёки Суриядаги жанггавор ҳаракатларда “Ислом давлати” тарафида иштирок этиш учун жўнатиш фаолияти билан шуғулланганлар”, - дея қарор матнини ўқиди Октябрь район судяси Ирина Керро.

Россия тергов қўмитасидагиларнинг қайд этишича, уларнинг 3 апрель куни Петербург метросида содир этилган портлашга алоқаси йўқ.

Қайд этиш жоиз, гумонланувчиларнинг ҳаммаси Whatsapp ва Viber мессенжерлари орқали суҳбатлар ёрдамида аниқланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама