22:17 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда гаражлар ўрнида кўп қаватли автотураргоҳлар ҳамда бепул тўхташ жойларини қурилиши ваъда қилинмоқда

17.04.2017 18:05 msk

Фарғона

Ўзбекистон пойтахтида автомобиль гаражлари ўрнида икки, уч ва олти қаватли автотураргоҳлар ҳамда очиқ автотураргоҳлар қуриш режалаштирилмоқда, деб маълум қилди пойтахт архитектори Саъдулла Мухторхўжаев 15 апрель куни бўлиб ўтган брифингда, дея хабар беради “Газета.Uz”. Шаҳар ҳокимининг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун Regulation.Gov.Uz сайтига жойлаштирилди.


144 автомобилга мўлжалланган уч қаватли автотураргоҳ лойиҳаси. Фото “Газета.Uz”

Архитекторга кўра, бугунги кунда шаҳардаги барча металл гаражлар майдони 25,63 га бўлиб, 8470 машина сиғимига тенг. 27,4 минг автомобилни сиғдирувчи яна 69,16 га майдон гараж хўжаликларига тегишли. Аксарият ҳолларда гаражлар жойлашган ҳудудлар ташландиқ кўринишга эга бўлиб, ёнғин ва жамоатчилик хавфсизлиги талабларига жавоб бермади, улар атрофида мунтазам равишда чиқиндилар тўпланади. Жуда кўп ҳолларда гаражлар тартибсиз ўрнатилган, кўпчилиги эса мақсадли фойдаланилмайди, айримларида эса одамлар истиқомат қилади.

Тошкент архитектура ва қурилиш бош бошқармаси турар жой мавзелари учун бир қанча автотураргоҳ лойиҳаларини тайёрлаган. Уларга кўра икки қаватлиларида 80, уч қаватлиларида 144 ҳамда олти қаватлиларида 480 ва 532 автомобиль жойлашади. Мавжуд очиқ автотураргоҳлар ўрнида ҳам кўп қаватлилари бунёд этилади. Уларнинг биринчи қаватида савдо ва сервис объектлари пайдо бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳар архитектори Саъдулла Мухторхўжаев. Фото “Газета.Uz”

Эслатиб ўтамиз, Тошкент расмийлари бир неча йил олдин пойтахтдаги хусусий гаражларни ёппасига буздириб ташлагандилар. 2014 йилда прокуратура гаражларни бузиш тўғрисидаги қарор устидан протест киритган, ҳоким эса ўз қарорини бекор қилган. Бироқ гаражларнинг аксарияти бузиб бўлинганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама