22:19 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Британиянинг BBC телерадиокорпорацияси Ўзбекистонга қайтиши мумкин – Ўзбекистон ТИВ раҳбари А. Комилов

17.04.2017 17:44 msk

Фарғона

Айни пайтда Ўзбекистонда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ҳузурида Британиянинг ВВС телерадиокорпорациясининг аккредитацияси масаласи кўрилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 14 апрель куни Халқаро пресс-клубнинг замонавий босқичда ташқи сиёсатнинг долзарб масалаларига бағишланган мажлисида маълум қилди.


Абдулазиз Комилов – чапдан иккинчи. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

ТИВ раҳбари Ўзбекистон мамлакатдаги чет эллик журналистларнинг кўпайишидан манфаатдор эканлигини билдириб, айни пайтда жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитацияси бўйича иш олиб борлаётганини маълум қилди. Шу билан бирга ўзбек ташқисиёсий маҳкамасининг раҳбари олдинроқ мамлакатни тарк этган бошқа нуфузли масс-медиа вакилларининг келгусида мамлакатга қайтиши имконияти ҳақида индамади. Ҳар ҳолда халқаро пресс-клубнинг ушбу мажлисини ёритган нашрлар бу ҳақда ахборот беришмади.

“Фарғона” агентлигига маълум бўлишича, ВВС телерадиокорпорациясининг Марказий Осиё хизмати Ўзбекистонда аккредитациядан ўтишга 2016 йилнинг декабрида ариза берган.

Эслатиб ўтамиз, ВВС Ўзбекистондаги бюросини 2005 йил октябрида ёпиб, етти нафар ходимларини мамлакатдан олиб чиқиб кетган. Ўзбекистон ҳукумати босими остида ВВС дан ташқари мамлакатни “Озодлик” радиоси, IWPR, Associated Press, “Америка Овози”, France Press ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари тарк этишга мажбур бўлган.

“Фарғона” агентлиги ҳам Ўзбекистонда ўзининг аккредитациядан ўтган мухбирига эга эди. Бироқ 2002 йилдан бошлаб ташқи ишлар вазирлиги бизга аккредитацияни узайтириб беришдан бош тортган.

Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, шу бугунги кунда мамлакатда хорижий оммавий ахборот воситаларининг 24 та мухбири ва олтита корреспондентли пунктлари бор, холос.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама