16:46 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия: Умумхалқ референдумида президент бошқарувига ўтишга йўл очиб берилди

17.04.2017 06:26 msk

Фарғона

Анадолу давлат янгиликлар агентлиги 16 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида овоз бериш натижаларини 100 фойиз санаб бўлинганини хабар қилди. Туркия фуқароларининг кўпчилиги Конституцияга киритиладиган ўзгартишларни маъқуллашган. Хусусан, мамлакат парламент бошқарувидан президент бошқарувига ўтадиган бўлди.


Secim.aa.com.tr веб-сайти инфографикаси

Сайловчиларнинг 51,35 фойизи (24 миллион 326 минг одам) ўзгартишларни қўллаб, 48,65 фойиздан зиёди (23 миллион 187 минг одам) қарши овоз беришган. Бу сўнги 100 йил ичидаги мамлакат бошқарувида бўлган энг катта ислоҳот ҳисобланади.

Референдум натижаларига биноан, президент Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ваколатлари кенгаяди. Энди бош вазир ўринбосарлари (бош вазир лавозими бекор қилинади), Конституцион ва Олий суд аъзолари ҳамда прокурорларни унинг ўзи тайинлайди, парламентни ўзи тарқатиб юбориш ва фавқулодда вазият ҳолатини ўзи киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, Эрдўғон ҳокимият тепасида 2029 йилгача қолиши мумкин.



Референдум пайтида муҳолифат партиялари ва оммавий ахборот воситалари сайлов участкалари ва улардан ташқарида рўй берган кўп сонли қоида бузилишлари ҳақида хабар беришган. Улар овоз бериш кунида ташвиқот ишларининг тақиқланганига қарамай йирик шаҳарларда, жумладан, Анқара ва Истанбулдаги биноларда ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партиясининг плакатлари осилиб турганидан тортиб то натижаларнинг кенг миқёсда бузиб кўрсатилишигача маълум қилишган.

Муҳолифатдаги Халқ республика партияси (ХРП) вакилларининг иддаосига кўра, қоидабузишлар овоз бериш участкаларининг 60 фойизида кузатилган. ХРП ҳукумат бекор қилиниши лозим бўлган 1,5 миллион овозларни ҳам ҳисобга олган, дея билдирмоқда. ОАВ берган хабарларга кўра, кўплаб участкаларда сайлов комиссияси вакиллари овоз бериш варақаларига муҳр босишмаган, баъзи конвертлар ҳам муҳрланмаган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқда номаълум одамлар таклиф қилинган ўзгартишларни қўллаб овоз бериб, бўш бюллетенларни муҳрлаётган видео ҳам тарқалиб кетган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама