16:50 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Швециядаги теракт: Раҳмат Ақилов ҳибсга олинди ва психиатрия экспертизасидан ўтади

12.04.2017 14:58 msk

Фарғона

Раҳмат Ақилов

Стокҳольмда 7 апрель куни теракт содир этишда иқрор бўлган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Ақилов 11 апрель куни ўтган суд мажлисида ҳибсга олинди, энди у психиатрия кўригидан ўтади, дея хабар беради Aftonbladet.

Тинглов ўтказилишидан олдин полиция нафақат суд биносини, балки унга ёндашган ҳудудни ҳам қуршаб олди. Ақилов судга капюшонли яшил толстовка кийиб келди, лекин судьянинг илтимоси билан капюшонни ечиб қўйди. Залда рус тилига таржима қилувчи тилмоч бор эди. Тингловлар ёпиқ эшик ортида ўтди.

Олдинроқ Ақилов ўзига сунний мазҳабидаги мусулмон адвокат берилишини талаб қилгани маълум бўлганди. Адвокат Йоҳан Эриксон мижознинг истагига биноат самотвод берди, бироқ судья унинг аризасини рад этди.

Ушбу иш бўйича қўлга олинганлар қўйиб юборилди, бироқ биттаси ҳозирча қамоқда қолмоқда: уни ҳибсга олиш тўрисида қарор қабул қилингани йўқ, чунки прокурорнинг билдиришича, бу одамнинг терактга алоқадорлигига гумонлар жуда заиф. “РИА Новости” хабар беришича, олдинроқ уни Швециядан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингани боис уни чиқармай туришибди. Миллий хавфсизлик бўлими бош прокурорининг ўринбосари Ҳанс Ирманга кўра, фаолияти ўрганилиши зарур бўлган бошқа одамлар бор. “Бу бошқа текширувнинг бошланиши, холос”,- деди Ирман.

Полициячилар теракт иши бўйича 600 га яқин сўровлар ўтказган, текширув бир йилгача чўзилиши мумкин.


Полиция суд биносини қуршаб олди. Фото Aftonbladet

Aftonbladet маълумотига кўра, Раҳмат Ақилов 2014 йилда Раҳматжон Қурбонов номидан Швецияда яшашга рухсат олиш учун ариза берган. У гўё Ўзбекистонда қандайдир намойишда иўтирок этгани учун ҳибсга олинганини, уни қутқариш учун қариндошлари 10 минг доллар пора беришига тўғри келганини маълум қилган. Бироқ миграция хизмати Ақиловнинг маълумотларида зиддиятлар мавжудлигини аниқладилар. Мисол учун, у бир марта турмада 14 кун ўтирганини, бошқа сафар 20 кун бўлганини ва учинчи марта 9 кун қамоқда бўлганини айтган. Бир сафар у ўрта синфдаги оилага мансублигини маълум қилган бўлса, бошқа сафар оиласи бой деган. Оқибатда унга ишонмадилар ва сиёсий бошпана беришдан бош тортдилар. Ақиловга Швецияни тўрт ҳафта давомида тарк этиш тўғрисида фармойиш бердилар.


Адвокат Йоҳан Эриксон. Фото Aftonbladet

Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни Стокҳольм марказида олиб қочилган юк машинаси ҳайдовчиси оламон устига бостириб юрган. Натижада тўрт киши ҳалок бўлган ва яна 15 киши яраланган. Теракт ижрочиси умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама