16:46 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Террорчиликда гумонланаётган Акбаржон Жалилов бир йилдан кўпроқ вақт давомида Туркияда яшаган

11.04.2017 18:38 msk

Фарғона

Питербург метросида 3 апрель куни террорчилик амалиётини бажаришда гумонланаётган Акбаржон Жалилов бир йилдан кўпроқ вақт давомида Туркияда истиқомат қилган ҳамда бу мамлакатдан 2016 йил 17 декбрь куни депорт бўлган, дея хабар беради Туркиянинг Yeni Akit газетаси. Бу маълумотни РБК манбалари ҳам тасдиқлашмоқда.

Турк газетаси маълумотига кўра, Жалиловнинг Туркияда бўлганининг аниқ муддати номаълум, бироқ Жалиловни қора рўйхатга киритганларидан сўнг у яна бир йил давомида мамлакатдан чиқмай, яширинча яшаб келган. Жалиловнинг депортацияси ҳақидаги маълумотни Туркия ҳукуматига яқин бўлган РБК манбаси тасдиқлади. Йигит Туркияга 2015 йил ноябрида келиб, у ерда 13 ой бўлган. “2016 йил декабрда у Анталия орқали мамлакатни тарк этмоқчи бўлди. Шунда у мамлакатда бўлиш муддатини бузгани маълум бўлиб қолди. Унга катта жарима тўлаш ёки депортация қилиб, беш йил давомида мамлакатга кира олмайдиган қора рўйхатга киргизишни танлаш таклиф этилди. У иккинчи вариантни танлади. Россияга кетиш учун у Туркиядаги Россия бош консулхонасига мурожаат қилишига тўғри келди”, - дейди РБК манбаси.

Жалиловнинг яширинча алоқалари ва унинг Туркияда нималар билан шуғуллангани ҳақида на туркларнинг Yeni Akit газетасига ва на РБК суҳбатдошларига маълум эди. Бироқ қайд этиш жоизки, Жалилов Туркияда бўлган чоғида Сурия билан чегара ҳали кучайтирилмаган эди.

Олдинроқ Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбалар Жалилов Туркияда бўлиб, “Ислом давлати” сафида тайёргарлик кўрган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиргандилар.

“Технологический институт” ва “Сенная площадь” метро станциялари оралиғидаги портлаш 3 апрель куни поезд вагонида амалга оширилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган ва 50 дан зиёд йўловчилар яраланган. Россия Тергов қўмитаси 22 ёшли Акбаржон Жалиловни террорчи ҳудкуш бўлиши мумкин деб атади. Петербургга келган Жалиловнинг ота-онаси жасад қолдиқларига қараб ўғлини танидилар. Шунингдек, ДНК экспертизаси ҳам унинг шахсини тасдиқлади. Терактга алоқадорликда гумон билан 8 нафар ўрта осиёлик фуқаролар қўлга олинди, улардан икки нафари Москвада ва олтитаси Питерда ушланди.

Шунингдек, Акбаржон Жалиловдан тирик бомба сифатида фойдаланган бўлишлари мумкин, деган фараз ҳам ўрганилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама