16:46 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Швециядаги теракт: Гумонланувчи Раҳмат Ақилов ўз айбига иқрор бўлди ҳамда Ислом давлатини қўллашини билдирди

10.04.2017 19:58 msk

Фарғона

Стокҳолмда теракт содир этишда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Ақилов сўроқ пайтида ўзининг “Ислом давлати” тарафдорлигини ҳамда жиноятни экстремистларнинг буйруғига асосан бажарганини билдирди, дея 9 апрель куни хабар беради Швециянинг Aftonbladet газетаси.


Раҳмат Ақилов қамоққа олинди. Фото Aftonbladet

Терактни содир этишда иқрор бўлган 39 ёшли Ақилов Швециядаги “кофирларга” ҳужум қилишига Суриядаги бомбардимонлар сабаб бўлган деб тушунтирди. “Суриядаги портлашлар тўхташи керак”, деб билдирди ўзбекистонлик фуқаро.

Стокҳольм полицияси қўлида Ақиловга қарши камида 70 та “рақамли исбот” бор. Оммавий ахборот воситалари гумонланувчи Абу Фатйма никли ИД аъзоси билан рус тилида мулоқатда бўлганини кўрсатувчи чатнинг скриншотини тарқатдилар. Ёзишмадан маълум бўлишича, Ақилов теракт содир этилиши арафасида портловчи модда тайёрлаш масаласи билан қизиққан ҳамда “Эртага кечгача катта юк машинасини топиб олиб қочаман ва оламон устига бостирмоқчиман”, деган. Эртаси куни у суҳбатдошига “бир неча кишини бостириб юборганини, машина керакмас жойга кириб қолганини” маълум қилган. “Ҳозир аэропортдаман, берк кўча... Стокҳольм марказида ўнтасини босиб кетдим, энди қочиб қолиш керак!” Expressen хабар беришича, Ақилов автомобилни бошқариб турганда, тасодифан устига ацетон тўкилиб кетган ҳамда оёқ-қўллари куйган.


Ақиловнинг Абу Фатйма билан ёзишмаси скриншоти. Фото Еxpressen

“Радио Швеции” Швеция полициясига таяниб хабар беришича, Ақилов 2014 йилда Швецияда истиқомат қилишга рухсатнома сўраган, бироқ 2016 йил июнда рад жавобини олган. Уни мамлакатдан чиқариб юборишлари керак эди, аммо Ақилов яширинган.

“2015 йил декабрда Миграция агентлиги унга мамлакатни тарк этиш учун тўрт ҳафта муддат берган. 2017 йил февралида у яширингани учун (уни мамлакатдан ҳайдаш тўғрисидаги) буйруқни бажариш мақсадида унинг иши полицияга оширилган”, - деди Стокҳольм полицияси бошлиғи Йонас Ҳайзинг матбуот анжуманида. Ўзбекистонлик қидирувга берилган.

Тўрт фарзанднинг отаси Ақилов 2016 йилда Стокҳольмдаги қурилиш компаниясида ишлаб келган. “У ҳеч қачон на дин ва на сиёсат ҳақида гапирган. Бироқ у доим кўпроқ ишлаб, оиласига кўпроқ пул юборишга ҳаракат қилган”, - деди Ақиловнинг дўсти Aftonbladet газетасига. Унинг собиқ ҳамкасбларидан бирига кўра, Ақилов ухлаб қолгани боис ишдан ҳайдалган.

2017 йил бошида у ишсиз эди. Февралда ҳамкасбларидан бири уни учратиб қолиб, нима иш қилаётганини сўраган. “Чекиш билан ухлашдан бошқа ишим йўқ”, деб жавоб берган Ақилов.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни Стокҳольм марказида олиб қочилган юк машинаси ҳайдовчиси одамлар устига бостириб борган. Тўрт киши ҳалок бўлган, икки нафари – Швеция фуқаролари, шу жумладан, 11 ёшли қизча, Буюк Британия фуқароси ва бельгиялик аёл. Яна 15 киши турли оғирликдаги жароҳат олдилар. Теракт ижрочиси умрбодга қамалиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама