03:41 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ваниҳоят Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби пайдо бўлди

16.03.2017 19:08 msk

Фарғона

Асаджон Хўжаев
Ўзбекистон ОАВ пайшанба куни хабар беришларича, мамлакатнинг яқинда сайланган президенти Шавкат Мирзиёев ўзига матбуот котиби тайинлади. Ўтган йилнинг декабридан бери бўш қолаётган бу лавозимни Асаджон Озодбекович Хўжаев эгаллади. Бир вақтнинг ўзида у давлат маслаҳатчиси ўринбосати мансабини ҳам эгаллаб туради.

Бунга қадар Асаджон Хўжаев (1970 йилда туғилган, Тошкент электротехника алоқа институти битирувчиси) бош вазир ижро этувчи аппарати раҳбари, унгача — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори лавозимида фаолият олиб борган.

Турли йилларда Интеллектуал мулк агентлиги бош директори, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари, “Ўзбекистон почтаси” компанияси бош директори ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Қайд этамиз, Ўзбекистонни Ислом Каримов бошқариб келганида давлат раҳбарининг матбуот котиби деярли ҳеч қачон омма олдида кўринмаган, баёнотлар бермаган, муҳим сиёсий воқеларни шарҳламаган, матбуот анжуманлари ўтказмаган. Президент матбуот хизмати веб сайти ҳам шу чоққача ачинарли кўринишга эга.

Ўзбекистонда кўпчилик шавкат Мирзиёевни “реформатор” деб аташмоқда. Янги раҳбар даврида матбуот хизмати ўз ишини ислоҳот қиладими ёки аввалги ҳолатида қоладими, буни вақт кўрсатади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама